«Манчестер Сити» қаторасига учинчи ўйинни ғалабасиз ўтказадими? «Атлетико» Барселонадаги нохуш анъанага барҳам бера оладими? «Жирона» манзилига етиб келдими? «Байер» навбатдаги имтиҳонни қандай топширади? Лондонда қўйиб юборилган 6 голдан сўнг «Ланс» бош мураббийи балки Абдуқодир Ҳусановга имконият берар? Шу ва яна бошқа бир қанча саволларга ушбу дам олиш кунлари жавоб оламиз.

«Нюкасл» – «Манчестер Юнайтед» (3 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Икки жамоа ҳам Чемпионлар Лигасида якуни қониқарсиз ҳисоб билан тугаган оғир учрашув ўтказишди. «Нюкасл» Париждаги ўйинда сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқарган бўлса, «Манчестер Юнайтед» Туркияда 3:1 ҳисобидаги устунликни дуранг билан якунлади. Натижада икки жамоанинг ҳам кейинги босқичга чиқиш масаласи ўз қўлида эмас – сўнгги турда ҳам ғалаба қозониб, ҳам параллел учрашувдан умид қилиш лозим бўлади.

Табиийки, бундай кайфиятда футболчилар ўз мухлислари қаршисида вазиятни ўнглашга, ҳеч бўлмаса АПЛ ўйинида ғалаба қозониб, ишончни қайтаришга ҳаракат қилишади. «Нюкасл» ҳам, «МЮ» ҳам Англиядаги сўнгги ўйинини йирик ҳисобда ютганини эътиборга олсак, спорт формаси нуқтайи назаридан ҳаммаси ижобий.

Умуман, «Нюкасл» ўз майдонидаги учрашувларда энг яхши жамоалардан бири. «Сент Жеймс Парк»да «Арсенал», «Челси» ва «Астон Вилла» каби жамоалар мағлубиятга учради, «Ливерпул» фақат сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетди. Қизиғи, «Манчестер Юнайтед»нинг сафар учрашувлари ҳолати ҳам шунга яқин – Эрик тен Ҳаг шогирдлари августда «Арсенал»дан учралган мағлубиятдан сўнг АПЛ доирасида қаторасига 4 учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. Бу ўйинларда атиги битта гол ўтказиб юборди, у ҳам пеналтидан. Лекин яна бир жиҳат борки, «МЮ» ўтган мавсум бошидан ҳисоблаганда ҳам, турнир жадвалида юқорида жойлашган рақибларга қарши сафарда умуман ғалаба қозона олмаяпти. Юқорида тилга олинган статистика ҳам фақат аутсайдерлар билан учрашувларда қайд этилган.

Ўтган мавсумда Нюкаслда ўтган учрашув ҳам тўлиғича мезбонларнинг устунлиги ва 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Дарвоқе, рақиблар ўтган ойда ҳам ўзаро ўйин ўтказди – Англия Лига кубогида «Олд Траффорд»да ўтган учрашувда Эдди Ҳау шогирдлари йирик ҳисобда (3:0) ғалаба қозонганди. Лекин ўша ўйинда ҳар икки томонда асосан иккинчи таркиб футболчилари ўйнаганди.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, «МЮ»да жароҳатланганлар сафга қайта бошлади. Сўнгги икки ўйинда Люк Шоу ва Коби Майну майдонга тушди ва иккиси ҳам илиқ таассурот қолдирди. ЕЧЛ ўйинини дисквалификация туфайли ўтказиб юборган Маркус Рэшфорд ҳам учрашувга тайёр. Каземиро, Эриксен, Маласия, Мартинес каби футболчилар эса, катта эҳтимол билан янги йил арафасида сафга қайтади.

Мезбонлар таркибида жароҳатланганлар сони нисбатан кўпроқ. Ботман, Бёрн, Лонгстаф, Уилсон асосий таркиб ўйинчилари ҳисобланади. Шунингдек, Мёрфи, Уиллок, Барнс, Андерсон ва Таргетт каби кўпинча захирадан тушишса-да, Ҳау учун жуда зарур футболчилар ҳам ўйнай олмайди. Анча жисмоний куч сарфлайдиган «Нюкасл» услубида иккинчи бўлимда тушадиганлар ҳам муҳим. Ҳау сўнгги учрашувларда айнан мана шу кузиридан маҳрум бўлмоқда, аксарият ҳолларда захирадан тушиш анча ёш, тажрибасиз футболчилар зиммасига қолиб кетяпти.