28 ноябр куни Туркия Республикаси “Necmettin Erbakan University“нинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ва йўналиш раҳбарларидан иборат делегация Тошкент Кимё халқаро университетига ташриф буюрди.
Делегация аъзоларини Иқтисодиёт фанлари доктори, таълим сифати ва халқаро алоқалар бўйича проректор, профессор Каримжон Аҳмеджанов кутиб олди. Делегацияга раҳбарлик қилаётган профессор Музаффер Эркан Йилмаз “Ташрифимиздан асосий мақсад, аввалроқ имзоланган ҳамкорлик шартномасида белгиланган иш режасини босқичма-босқич амалга ошириш ва икки университет ўртасидаги профессор-устозлар ва талаблар мобиллигини йўлга қўйишдир”, — дея таъкидлади. Ташриф давомида делегация аъзоларига Тошкент Кимё халқаро университетининг моддий-техник базаси, илмий салоҳияти, олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар томонидан талабаларга маҳорат дарслар ташкил қилинди. Меҳмонлар университетнинг “Таълим мактаби” талабалари томонидан ижро этилган миллий мусиқа намуналари билан ҳам танишиб, илиқ фикрлар билдиришди.



Konya Najmiddin Erbakan университети профессори Мурсел Бичер бу ташрифдан асосий мақсад ҳақида гапириб берди:
“Najmiddin Erkaban университетининг таълим факултети деканиман. Бизнинг бу ерга келишимиздан асосий мақсад Тошкент Кимё халқаро университети билан икки томонлама шартномалар имзолаш, талаба алмашинув дастурлари, қўшма нашр ва лойиҳалар билан ҳамкорликда ишларни амалга ошириш ҳамда бу орқали икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Икки университетда таълим сифатини ошириш, ривожланаётган технологиялардан хабардор бўлиш мақсадида бу ерда бир нечта учрашувлар ўтказдик, дарсларда қатнашдик. Университетимиздаги таълим тизими ҳақида маълумот бердик ва сизнинг таълим тизимингизни кузатдик, иккиси орасидаги таълим шаклларини таққослаб кўрдик. Бу ердаги асосий мақсад ҳам икки университет ўртасида алоқаларни ўрнатиш”, - деди профессор Бичер.

Делегация аъзолари университет қошида очилган “Kimyo University Hospital” клиникаси фаолияти билан яқиндан танишди. Соҳа бўйича ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.



















