08:00 / 08.12.2023
3514

АҚШ жамғармаси ўзбекистонликлар учун таълим грантлари ажратиши мумкин

АҚШнинг Stirling Foundation нодавлат хайрия жамғармаси ўзбекистонликлар Америкада таҳсил олиши учун таълим грантларини ажратмоқчи. 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабарига кўра, вазир биринчи ўринбосари Комилжон Каримов АҚШнинг Stirling Foundation нодавлат хайрия жамғармаси президенти Майлз Хансен билан учрашди. Унда 2024 йилда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли масалалари, жумладан, Stirling Foundation нодавлат хайрия жамғармаси томонидан Ўзбекистонда олий ва профессионал таълим, илм-фан ҳамда инновация соҳаларида лойиҳаларни молиялаштириш ва жорий этиш имкониятлари, Ўзбекистон ОТМларида инглиз тилини ўқитиш, АҚШда таҳсил олиш учун таълим грантларини ажратиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида АҚШ томонидан олий таълим соҳасида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, ОТМ ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, АҚШда бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича таълим олиш имкониятлари юзасидан қатор таклифлар билдирилди. 

АҚШнинг Юта ва Айдахо штатларидаги Бригам Янг Университетларида (Brigham Young University-Utah, Brigham Young University-Idaho) бизнес бошқаруви, менежмент, муҳандислик, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда таҳсил олиш учун грант ажратиш масалалари шулар жумласидан. 

Жамғарма томонидан Ўзбекистонда масофавий таълимни жорий этиш юзасидан ҳам таклифлар билдирилган бўлиб, таълим олиш имкониятига эга бўлмаган аҳоли қатламига (оналик таътилидаги аёллар, яшаш жойи бўлмаган ёки узоқда таълим олиш имкони бўлмаганлар ва ҳ.к.) имконият яратиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. 

Top