Бундан бир кун олдин Россия президенти БАА ва Саудия Арабистони етакчилари билан учрашувлар ўтказганди.

Эрондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Россия президенти Раисийнинг Москвага келишидан хабардор бўлганига шубҳа қилиб, эронликлар етакчиси Кремлга «ўзини ўзи таклиф қилган» бўлиши мумкинлигини қўшимча қилишган.

BBC рус хизмати Раисий Путин билан нималарни гаплашгани ва унинг Москвага ташрифи Эроннинг ўзида қандай қабул қилингани ҳақида ёзди.

Путин ва Раисий нималарни гаплашди?

Владимир Путин ва Иброҳим Раисий Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама этишган. Эрон етакчиси Ғазо секторида бўлаётган ҳодисаларни фаластинликларнинг ғарб қўллаб-қувватловида «геноцид» қилиниши деб атаган.

Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён твиттердаги саҳифасида ёзишича, «томонлар Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги уруш ва геноцидга зудлик билан чек қўйиш, сектор аҳолисининг мажбурий кўчирилишини тўхтатиш ва бутун Ғазога инсонпарварлик ёрдамлари ёппасига етказиб берилиши учун Рафаҳдаги чегарани зудлик билан очиш зарурлигини қайд этишган».

Раисий ва Путин иқтисодий ҳамкорликни ҳам муҳокама қилишган. Путин Россия ва Эрон ўртасида савдо айланмаси ҳажми сўнгги йилда 20 фоизга ошиб, 5 млрд долларга етганини айтган.

Учрашув бошидаги сўзларида уларнинг иккиси ҳам мамлакатлар ўртасида ҳарбий ҳамкорлик кучайиб бораётганини тилга олишмаган. АҚШ ва унинг иттифоқчилари эса бу ҳақда тез-тез эслатиб туришади — хусусан, Эрон Россияга Shahed 131/136 русумли минглаб дронлар етказиб берган ва улар Украинага зарбалар беришда фаол қўлланмоқда.

Кейинроқ Россиянинг ўзида, Елабуга шаҳрида ҳам худди шундай учувчисиз учар қурилмалар ёки уларнинг такомиллаштирилган вариантларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Эрон Россияга тайёр «шаҳидлар» етказиб беришда давом этаётгани ва Россияда йиғилаётган аппаратлар қай даражада Эрон таркибий қисмларидан иборатлиги маълум эмас.

Ўтган ҳафтада Эрон Россиянинг Су-35 русумли замонавий қирувчи самолётлари ва Ми-28 жанговар вертолётларини харид қилиш жараёнида экани хабар қилинди.

Путин Раисийнинг Москвага ташрифи ҳақида билганми?