Дунёдаги энг қудратли лобби – АҚШдаги Исроил лоббиси экани айтилади. Хўш, лобби ўзи нима, уларнинг Америка сиёсатидаги ўрни қай даражада? “Геосиёсат” рукнида сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Толипов, Камолиддин Раббимов ва Ҳамид Содиқ шу ҳақда сўз юритди.

— Қўшма штатлардаги лоббизмнинг ҳукуматга таъсир этиш механизми қандай шаклланган? Лобби гуруҳларининг АҚШ ички ва ташқи сиёсатини шакллантиришдаги роли қандай?

Фарҳод Толипов: — АҚШдаги лоббизм анча тарихий жараёнларга эга. Биринчи аломатлар 19-асрда пайдо бўлган. Лекин АҚШда лоббизмга нисбатан ягона бир қараш ёки қонуний меъёрлари мавжуд эмас. Айрим штатларда лоббизм қонуний асосга эга, айримларида эса тақиқланган, яъни якдил қараш йўқ бу борада. Лобби сўзи инглизчадан олинган бўлиб, бизда коридор, даҳлиз деган маъноларни беради.

АҚШ азалдан демократияга бориб тақаладиган феномен. Лоббизм эса турли сиёсий кучлар манфаатларини қарор, қонун қабул қилувчи идораларгача етказиш механизми сифатида кўрилади. Қандайдир манфаат гуруҳларининг манфаатини ифода этувчи муайян шахслар, қайсидир маънодаги фракциялар пайдо бўлади, улар лобби ҳисобланади. Улар ўша манфаат гуруҳларига тегишли, уларни ҳимоя қиладиган қонун, қарорлар қабул қилинишига ҳаракат қилади.

Лоббизм ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлавермайди. Айтганимдек, қарашлар ҳам турлича. Демократияга тўғри келмайди, дейдиганлар ҳам, айнан демократиянинг бир кўриниши, дейдиганлар ҳам бор. Шунинг учун бу нарса зиддиятли.

Камолиддин Раббимов: — Фарҳод ака айтгандек, лобби коридор, даҳлиз маъноларини беради. АҚШ Конгресси ва Сенати биноларида ҳар бир конгрессмен ва сенаторнинг ўз хонаси бор, у ерга бегоналар кирмайди. Улар ўз хонасидан чиқиб, мажлислар залига боргунча коридордан ўтади, айни ўша коридорда лоббистлар сенатор ёки конгрессменга ўз манфаатларини, лойиҳаларини айтиб қоладиган бўлган. Лобби тушунчаси шундан шаклланган, кейинчалик эса бу нарса катта феноменга айланди.

АҚШ демократияси қоидасига кўра, парламентдаги 2 та палата ҳам ижтимоий манфаатлардан келиб чиқиб қарорлар қабул қилиши керак. АҚШдаги очиқлик ва шаффофликдан келиб чиқиб, лоббилар уларга ўз манфаатларини сингдиришга ҳаракат қилади. Масалан, Капитолий зинапоялари олдида ёши катта, қиммат костюм-шимдаги кишиларни кўриш мумкин. Улар сиёсатчиларга ўз манфаатларини сингдиришга ҳаракат қилади, қоғозда қандайдир маълумот-статистикалар ҳам беришади. Бугунги кунда дунёда профессионал лобби гуруҳлар шаклланган. Ўзбекистондаги энди шаклланаётган сиёсий маданиятимиз учун АҚШдаги лоббизм қўпол, агрессив кўриниши мумкин, аммо АҚШдаги очиқлик ва шаффофликдан келиб чиқсак, бу меъёрий ҳолат.