Жаҳон | 15:09 / 13.12.2023
24527
4 дақиқада ўқилади

Байден Исроил халқаро қўлловни йўқотаётганини айтди

АҚШ президенти уруш бошланганидан буён илк бор Исроилга қарши кескин чиқиш қилди.

Miriam Alster/Pool/Reuters

АҚШ президенти Жо Байденнинг фикрича, Исроил Ғазони палапартиш ўққа тутаётгани сабаб халқаро қўлловни йўқотмоқда. Бу ҳақда Байден ўзининг сайлов кампанияси ҳомийлари билан учрашувда айтиб ўтган.

«Исроил хавфсизлик масаласида АҚШга суяниши мумкин. Ҳозир [уларни қўлловчилар] сафи кенг: Европа Иттифоқи, Европа... Лекин Исроил бу қўлловни йўқотмоқда, [Ғазода] палапартиш бомбалаш кетмоқда», дея Байденнинг сўзларини келтирган Reuters.

АҚШ етакчиси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўзгариши керак деб ҳисоблашини айтган. Reuters'нинг қайд этишича, Байден октябр ойида уруш бошланганидан буён Исроил манзилига илк марта бундай кескин чиқишлар қилди. BBC ҳам Байденнинг бу чиқишини Исроилга нисбатан кескин деб баҳолаган.

Байден ҳомийлар билан учрашув вақтида Нетаняҳу у билан яккама-якка учрашувда АҚШ ўз вақтида атом бомба ишлатганини эслатганини гапириб берди: «Исроил етакчиси ўзаро суҳбатда сиз Германияни бомбалаб текисладингиз, сиз атом бомбаси ташлагансиз, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўлган, деди».

«Шу сабаб ҳам барча институтлар содир бўлган ишлар такрорланмаслиги учун Иккинчи жаҳон урушидан кейин тузилди. Бизни Афғонистон урушида қатнашишга мажбурлаган 11 сентябр воқеалари вақтидаги хатомизни такрорламанг», деган Байден.

Нетаняҳу кетадими?

Reuters'нинг ёзишича, Байден ва Нетаняҳу ўртасида ўн йиллардан буён фикрий қарама-қаршилик бор. АҚШ етакчисининг охирги чиқиши эса бу борада янги муҳокамаларга йўл очди.

Аввалроқ АҚШнинг Politico нашри Байден Нетаняҳунинг сиёсатдаги фаолияти тугашига оз қолди деб ҳисоблаши ҳақида ёзганди. Politico'га кўра, Байден ўзаро учрашув вақтида Нетаняҳуга ундан кейин келадиган ўринбосарига қандай сценарий қолдиришни ўйлаётгани ҳақида сўраган.

Газета АҚШ ҳукумати Нетаняҳунинг ўрнига келиши мумкин бўлган одам сифатида икки собиқ бош вазир – Яир Лапид ва Нафтали Беннет, шунингдек, собиқ мудофаа вазири Бени Ҳанс билан музокара олиб борганини ёзган.

АҚШ президенти Исроил миллий хавфсизлик вазири Бен-Гвир ва жамоасини ҲАМАСнинг ҳаракатлари учун барча фаластинликларни жазолашга уринаётгани учун танқид қилган.

«Бен-Гвир ва жамоаси, яна бошқа янги одамлар икки томонлама муносабатларни ҳатто эслатадиган қандайдир иш қилишни истамаяпти. Улар нафақат ҲАМАСдан қилган иши учун, балки барча фаластинликлардан қасос олмоқчи», деган америкалик демократ.

Байден Исроил ҳукумат раҳбарига Фаластин автономияси масаласига жиддий қарашни тавсия қилган: «Келажакда Фаластин давлати бўлмайди деган тушунчадан воз кечиш керак», деган АҚШ президенти.

Шу ҳафтада АҚШ президентининг хавфсизлик масалаласи бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Исроилга бориб мамлакат ҳарбийлари билан учрашади. Бу учрашувларда асосий эътибор Ғазодаги тинч аҳоли вакилларини ҳимоя қилишга қаратилади.

Шунингдек, Пентагон раҳбари Ллойд Остин ҳам Қизил денгиздаги савдо йўналишларида хавфсизликни таъминлаш масаласида учрашувлар ўтказиш учун минтақага келади.

  • Маълумот учун, ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумидан кейин Исроил икки ойдан буён Ғазони ўққа тутмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳозиргача Исроил ракета зарбалари оқибатида 18 минг фаластинлик ҳалок бўлган, 50 минг киши яраланган. Дунёда одамлар энг зич яшайдиган ҳудудлардан бири бўлган Ғазода даҳшатли гуманитар инқироз юзага келган.

Мавзуга оид