Ўзбекистон | 17:53 / 13.12.2023
7477
2 дақиқада ўқилади

Нотурар объектлар бўйича кадастрларнинг онлайн базаси 1 ҳафтадан буён ишламаётгани маълум бўлди  

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, дастурчиларининг база фаолиятини тиклашга бўлган уринишлари ҳозирча натижа бермаган. Носозлик оқибатида нотариуслар ҳам нотурар объектларга нисбатан юридик фактларни тасдиқлай олмаяпти. Кадастр агентлиги вазиятга изоҳ беришни истамади.  

Нотурар жой объектларининг кадастр паспортини шакллантириш ва уларга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишда муаммолар юзага келмоқда. Бу онлайн базанинг ишламаётгани билан боғлиқ. 

Кўчмас мулк соҳасида ишловчи бир биридан мустақил бир нечта манбанинг тасдиқлашича, база 7 декабр кунидан буён ишламаяпти. Унинг фаолиятини тиклаш борасидаги уринишлар эса самарасиз бўлмоқда.  

Kun.uz аниқлашича, нотариуслар 7 декабрдан 11 декабр куни соат  11:00 гача кадастрнинг кўчмас мулкка тақиқ қўйиш ва ечиш сервиси, шунингдек, кўчмас мулк билан нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, маълумотномани олиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш электрон хизмати ишламаслиги бўйича огоҳлантирилган.  

Бироқ 14 декабрга келиб ҳам ушбу тизим фаолияти ҳамон тикланмаган.  

Kun.uz суҳбатлашган нотариуснинг таъкидлашича, носозлик эски системадан янги системага ўтиш билан боғлиқ. Аввалига турар жойлар базаси ўзгарган ва ушбу жараёнда база 3 кун ишламаган. Ҳозирда нотурар объектлар бўйича база ўзгартириляпти. Аммо унинг фаолиятидаги узилиш аввалдан айтилган 3 кундан ошиб кетган.  

Кадастр агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Неъматжон Отамуродов Kun.uz’нинг бу борадаги сўровини жавобсиз қолдирди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид