13:26 / 13.12.2023
3164

Хитой Ўзбекистонда йўл инфратузилмаси билан боғлиқ иншоотлар қуришда қатнашиши мумкин

Гуанчжоу шаҳрида Жанубий Хитой провинциялари компаниялари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон-Хитой бизнес форумида эришилган дастлабки келишувлар доирасида мамлакатнинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси дипломатлари томонидан Guangdong HuiTong компанияси бош директори Куан Цзюян, Гуандун Халқаро савдо ва иқтисодиёт университети профессори, Poly Changda компанияси вакили Ли Сяофэн ва Hope Education Group вице-президенти Пен Лан билан учрашув ўтказилди.

"Дунё" хабарига кўра, учрашув давомида мамлакатда йўл инфраструктураси билан боғлиқ иншоотлар қуриш, таълим ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларида ҳамкорликни ўрнатиш юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, Poly Changda компанияси Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўрганиш ишларини бошлаш мақсадида мамлакатга ташриф буюришга тайёрлигини билдирди. Poly Changda компанияси автомобил йўллари, портлар ва сув йўллари, бинолар, сув омборлари, кўприк қурилиши каби барча турдаги лойиҳаларни бошқариш ва консалтинг бўйича фаолият олиб боради.

Hope Education Group вице-президенти Пен Лан Ўзбекистон билан таълим ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш йўналишларида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Hope Education Group ўтган вақт давомида, 2007 йилдан буён кетма-кет Хитойнинг 500 энг йирик хусусий корхоналари рўйхатига киритилган. Бугунги кунда таълим йўналишидан ташқари қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланадиган кенг операциялар базасига эга инновацион гуруҳ ҳисобланади.

Top