Kun.uz'га келиб тушган мурожаатларга кўра, шу кунларда ҳудудлардаги иссиқхона эгаларининг аксарияти газдан узилиши ҳақида камида огоҳлантирилган, баъзиси эса газдан узилиб, кўз тиккан ҳосилидан маҳрум бўлиб улгурди.
Масалан, 12-13 декабр кунлари газ берилмагани сабабли Бухоро туманидаги “Dilbek Davlat” МЧЖга тегишли 1,5 гектар иссиқхонада экилган 80 тонна помидорларни совуқ урган. “Сабаб” – тадбиркор табиий газга 100 фоиз олдиндан тўлов қилишга улгурмагани.
Бошқа бир иссиқхона – Ромитан туманидаги “Dirilling elektroservis” МЧЖга қарашли иссиқхона эгасининг газдан 124 млн сўм қарзи бўлиб, 100 миллионини тўлаган. Тадбиркор қолган 24 млн сўмни тўлаш учун муддат сўраган. Унинг илтимоси инобатга олинмаган ва иссиқхона табиий газдан узилган. Натижада, 80 тоннага яқин помидор нобуд бўлган.

Савол: бу ерда ким фойда кўрди-ю, ким зарар кўрди? Маҳсулот шу ҳолга келиши учун катта маблағ сарфланган, у нобуд бўлгани кимга зарар?
Тадбиркор қарздорлигининг катта қисмини тўлаяпти ва қолганига муҳлат сўраяпти. У қочиб кетолмайди, барибир қарзни тўлайди. Уни тўлаш учун манбаси бор – иссиқхонасида маҳсулот етиляпти. Аксарият иссиқхона эгалари маҳсулотини қишнинг совуқ кунларида, хусусан янги йил арафасида бозорга олиб чиқишни мақсад қилади.
Тадбиркор 24 млн сўм қарзи учун газдан узилди ва масъуллар иштирокида тузилган далолатномага кўра, унинг 60 тонна помидори нобуд бўлди. Унга имконият берилмади. Энди 60 тонна помидорни пулга чақиб кўрамиз. Бозорда ўртача помидор нархи 20 минг сўмдан кам эмаслигини ҳисобга олсак, иссиқхона эгаси 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ зарар кўрди. Халқ дастурхонига бориши мумкин бўлган шунча маҳсулот яксон бўлди. Бу камида вазиятни тушунмаслик, оддий таҳлилни-да қилолмаслик, инсофсизларча ёндашиш, дейилади.
Мева-сабзавотчилар миллий ассоциацияси раҳбари Абдураҳим Абдувалиев биз билан суҳбатда аслида вазият бундан ҳам оғирлигини, зотан бир қатор қарорлар ва топшириқлар амалда ижро этилмаётганини маълум қилди.

“2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, барча иссиқхоналар кўмир ёқилғисига ўтказилиши белгиланган. Лекин бу қарор бажарилишига бир қанча тўсиқлар мавжудлиги сабабли президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 август куни Бухорода бўлган йиғилишда: “Бундан буён Энергетика вазирлиги, вилоят ҳокимлари ва иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама шартномалар тузилиши белгиланди, бунда вазирлик вилоят ҳокимлари билан бирга


















