Исроил ҳарбийлари Ғазода оқ байроқ кўтариб чиққан исроиллик асирларни ўлдириб қўйди
Ҳали қайтарилмаган асирларнинг яқинлари Исроил пойтахтида намойиш ўтказиб, бу масалани куч билан ҳал қилмасликка чақирмоқда.
Исроил томони Ғазодаги ҲАМАС билан уруш вақтида уч нафар исроиллик асир айнан Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилганини тан олди. ЦАҲАЛ расмий вакили Даниэл Ҳагарининг айтишича, исроиллик ҳарбийлар Ғазо шимолидаги жанглар вақтида уч нафар исроиллик асирни душман деб ўйлаб отиб қўйган.
Генарал Ҳагари ЦАҲАЛ томонидан ўлдирилган исроиллик асирларнинг исмларини ҳам маълум қилди: Кфар-Аза кибуцидан ўғирланган Йотам Хаим, Нир-Ам кибуцидан ўғирланган Самер Талалка ва Алон Шамриз. Учинчи асирнинг яқинлари аввалига унинг исмини ошкор қилишни исташмаган, аммо кейинчалик ОАВ жасади Исроилга қайтарилган барча асирлар шахсига ойдинлик киритди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу асирлар ўлимини «жуда жиддий фожиа» деб атади. Исроил томони бу ҳолат бўйича текширув бошлаган.
Уруш бошланганидан буён асирлар билан боғлиқ ушбу энг шов-шувли ҳолат ҳақида янги тафсилотлар пайдо бўлмоқда. Маълум бўлишича, ЦАҲАЛ ҳарбийлари отиб ўлдирган асирларнинг эгнида кўйлаги бўлмаган ва кийимларидан оқ байроқ (таслим бўлиш рамзи) сифатида фойдаланган.
Исроиллик ҳарбийлардан бири ёғоч таёққа мато ўраб чиққан уч кишини кўрган ва уларни террорчи деб ўйлаб отиб ташлаган. Икки асир воқеа жойида ҳалок бўлган. Бир нафари эса ярадор ҳолатда бино ичкарисида қайтиб кирган, иврит тилида ёрдам сўраб бақирган. Аскар шундан кейин ҳам ўт очишни давом эттириб, учинчи асирни ҳам ўлдирган. «Ишонинг, бу бизнинг инструкцияга зид ҳолат», деган Исроил мудофаа армияси бош штаби раҳбари генерал Ҳерси Халави.
Бу вақтда ҳали гаровдан озод қилинмаган исроилликларнинг яқинлари тинимсиз намойишлар ўтказиб, Нетаняҳуга босимни оширмоқда. Асирлар ЦАҲАЛ томонидан ўлдирилгани фонида Тел-Авивда кўп сонли исроилликлар асирларни озод қилиш талаби билан марш ўтказди. Бу намойишларда Нетаняҳунинг истеъфосини талаб қилганлар ҳам бор эди. Асфалтда қонни ифодаловчи қизил бўёқлар чизилган.
ҲАМАС қўлида қолган 129 нафар асирнинг оила аъзолари матбуот анжуманида қатнашиб кескин гапларни айтишди. Улар Исроил ҳукумати айтаётган ҳарбий босимнинг фойдаси йўқлиги, аввалги гуруҳ асирлар АҚШ ва Қатар воситачилигидаги дипломатик ҳаракатлар ёрдамида озод қилинганини эслатган. Яна бир асирнинг яқини исроиллик вазирлар билан учрашишдан АҚШ президенти Жо Байден билан учрашув ташкил қилиш осонлигини айтиб, амалдаги ҳукуматни танқид қилган.
Нетаняҳу «ҳеч нарсага қарамай ҳарбий мақсадлар охиригача етказилиши»ни таъкидлаб катта эҳтимол билан мана шу намойишларни назарда тутган.
Нетаняҳу ўз навбатида ҲАМАС билан қолган асирларни озод қилиш бўйича музокарачиларга кўрсатма берганига ҳам ишора қилган. Исроил бош вазири 110 нафар асирни озод қилиш шартлари ҳам келишув амалга ошгунига қадар ошкор қилинмаганини эслатди.
Генерал Халави асирлар ўлдирилгани учун ЦАҲАЛ масъулиятни ўз гарданига олишини маълум қилди. «Исроил мудофаа армияси ва унинг қўмондони бўлган мен бўлиб ўтган воқеа учун масъулиятни ўз гарданимизга оламиз. Бундай хатолар такрорланмаслиги учун қўлимиздан келган ишни қиламиз», деган у.
ЦАҲАЛ қўмондони ҳарбийлар исроиллик асирларни белгиланган инструкцияга амал қилмай ўт очиш оқибатида ўлдириб қўйганини айтганди.
ҲАМАС саломатлиги сабаб озод қилган 85 ёшли Йохевед Лифшицнинг қизи Шарон уч асир ўлдириб қўйилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирар экан, гаровдагиларни куч билан озод қилиш хавфли эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, кекса онаси ҳам асирликда бўлган вақтида энг кўп уни куч билан озод қилишларидан қўрққан. Шарон асирларни қутқариш учун дипломатик ҳаракатларни кучайтириш лозимлигини таъкидлаган.
Мавзуга оид
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024