18:38 / 18.12.2023
27880

«Ўзларини идиш дўконидаги филдек тутишмоқда» – Исроилни Ғарбда тобора кўпроқ танқид қилишмоқда

Исроил мудофаа армияси икки ойдан буён Ғазода уруш олиб бораётгани фонида Исроилга халқаро майдондан, хусусан, Ғарбдан танқидлар кўпаймоқда. Айниқса АҚШ президенти Жо Байден Исроил Ғазода палапартиш бомбалаш олиб бораётгани сабаб халқаро қўлловни йўқотаётганини айтгач, бундай мазумундаги танқидлар кўпайди.

Фото: Dan Kitwood/Getty Images

«Идиш-товоқ дўконидаги фил каби»

Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазири Бен Уоллес Исроилнинг тактикаси можарони яна 50 йилга чўзиб юборишини айтиб танқид қилди. Унинг фикрича, Исроилнинг ҳозирги олиб бораётган уруши сабаб мусулмон оламидаги ёшлар радикаллашуви ҳолатлари кўпайиб, можаро кейинчалик яна қайталаниши мумкин.

«ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиб бўлмайди, токи уларнинг ўзи буни хоҳламагунга қадар. ҲАМАСни йўқ қилиш – қонуний мақсад, лекин Ғазодаги тўғри келган ерни вайрон қилиш эмас», деган собиқ вазир.

Вазир Исроил ҳукумати ўзини нотўғри тутаётгани, бундай ҳаракат қилиш ярамаслигини айтган: «Мен, шубҳасиз, ҲАМАСни қоралайман, бу антисемистик, нодемократик ташкилот бўлиб у Исроил билан тинчлик битимига интилмайди. Лекин ҳозирги исроиллик сиёсатчилар ўзини идиш-товоқ дўконига тушиб қолган филдек тутмоқда», деган Британия парламенти депутати.

Пентагон раҳбари Исроилга боради

Байден Исроилни танқил қилганидан кўп ўтмай унинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Исроилга келганди. Энди Пентагон раҳбари Ллойд Остин ҳам Исроилга келмоқда. Унинг ташрифи Ғазодаги тинч аҳоли ўртасида ўлим ҳолатлари кўпайгани, оқибатда Исроилга ташқи босим кучайгани фонида юз бермоқда.

Associated Press манбаларига кўра, Остин Исроилни Ғазодаги тўлақонли операцияни тўхтатиб, ҲАМАСга қарши операцияларга ўтишга кўндириш учун бормоқда.

Асирлар ўлдирилиши босимни оширди

Исроиллик ҳарбий хатолик туфайли асирларни ўлдириб қўйган бинодан топилган матода иврит тилида «Ёрдам беринг, уч нафар асир» ёзуви битилган. Фото: Israel Defense Forces / Reuters / Scanpix / LETA

Исроил ҳарбийлари Ғазода уч нафар исроиллик асирни ўлдириб қўйгани шундоқ ҳам халқаро босим остида қолаётган мамлакат раҳбариятига эндиликда ички босимни ҳам кучайтирди.

ЦАҲАЛ Ғазода уч нафар исроиллик айнан исроиллик ҳарбий томонидан отиб ўлдирилганини тасдиқлади. Ваҳоланки улар кийимларини ёғочга ўраб ёрдам сўраб чиқишган. Шунга қарамай, ҳарбий уларни ҲАМАС вакиллари деб ўйлаб отиб ташлаган. Асирлардан бири жароҳатлангач ивритчада ёрдам ҳам сўраган, лекин шундан кейин ҳам ҳарбий уни отиб ўлдирган.

Ушбу ҳолат бўйича янги тафсилотлар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, уч асир ўзларига берилган егуликдан фойдаланиб, оқ матога «SOS, уч нафар асир» деган сўзни ёзиб олганди.

Жабалияга зарба. 90 киши ҳалок бўлган

Исроил Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида жойлашган БМТ мактабига ракета зарбаси йўллаган. Бу ерда Ғазодаги энг йирик қочоқлар лагери жойлашган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, зарба оқибатида камида 90 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам яраланган. Одамлар вайроналар остидан яна 50 кишини қидирмоқда.

Исроил шаҳарда икки ҳафтадан буён кучли бомбалаш олиб бораётгани сабаб у ерда ҳаракатланиш қийин бўлиб қолган. Фаластинлик қутқарувчилар ракета зарбаси берилган жойга бора олмаслиги учун маҳаллий аҳолининг ўзи одамларни қидиришга тушган.

Ғазода ишлаётган журналистларнинг ёзишича, «Ал Фахура» мактабига берилган зарбадан кейин аҳвол даҳшатли кўриниш олган. Тиббиёт ходимлари ярадорларни эвакуация қилишга уринмоқда. Мактаб ҳудудида кўплаб уйсиз қолган фаластинликлар ҳам жон сақлаётган бўлган. Турли нашрларда жуда кўп жасадлар бино полида ётгани акс этган видеолар тарқалди.

Ғазода БМТнинг 8 та қочоқлар лагери бўлиб улардан энг каттаси айнан Жабалияда жойлашган. БМТ маълумотларига кўра, 1948 йил араб-исроил урушидан кейин очилган лагерда 119 минг фаластинлик қочоқлар яшаган. Исроил мудофаа армияси охирги вақтларда айнан шу шаҳарга кўп марта зарба берди. Исроил томонига кўра, айнан БМТ лагери ҲАМАСнинг қўрғони ҳисобланади. Аммо бу борада ҳеч қандай исбот келтирилмаган.

Жабалиядаги қочоқлар лагерига Исроил 31 октябр ва 1 ноябрда ҳам ракета зарбалари берганди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ўша зарбалар оқибатида 200 га яқин одам ҳалок бўлган. Исроил томони эса ўша зарбалар оқибатида ҲАМАС командири ўлдирилганини иддао қилган.

ЦАҲАЛ Жабалиядаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида берган охирги хабарида кечаги авиазарбаларга тўхталмаган. Исроил томонига кўра, шаҳардаги амалиётлар давомида ҲАМАС юқори мартабали мулозими қароргоҳидан 5 миллион янги шакал (Исроил пул бирлиги) топилган. Бу тахминан 1,37 миллион долларга тенг. ЦАҲАЛ шаҳарга берилган зарбалардан мақсад қурол-яроғ, портловчи моддалар сақланган «террорчилик инфратузилмаси»ни, шунингдек, ерости туннелларини йўқ қилиш эканини билдирган.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top