Солиқ соҳасидаги 28 йиллик фаолиятидан кейин, 2021 йил ноябрда Навоий вилояти ҳокими лавозимини эгаллаган Нормат Турсунов тайинловдан икки йил ўтиб илк марта интервю берди. Kun.uz мухбири ундан вилоятдаги муаммолар ва кутилаётган янгиликлар, сўконғич ва мажлисбоз раҳбарларга муносабати, хизмат хонасида нега креслода ўтирмаслиги ва хизмат машинасининг нархи ҳақида сўради.

Бу – ҳокимлик фаолиятини бошлаганингиздан буён илк марта интервюга розилик беришингиз. Бунинг сабаби нимада?

— Вилоят ҳокими интервю бериши керак, албатта. Лекин бошқа соҳадан ҳокимликка кириб келганим сабабли тўлиқ киришиб кетиб, интервю бериш, қилинган ишларни гапириш учун муддат керак бўлади. Фаолият бошлаганимга 2 йил бўлган бўлса, йил якунида аҳолига қилинган ишлар бўйича ҳисобот берамиз. Олдинги иш жойларимда ҳам, ҳозир ҳам ОАВ, журналист, блогерлар билан ҳамкорликда ишлаймиз.

Раҳбарларга ОАВнинг зарурлиги шундаки, баъзида аҳолини қийнаётган муаммолар раҳбарга етиб келгунча кўп вақт ўтиб кетади, шундай пайтда ОАВ, блогерлар ёрдам беради. Республика ва ҳудудий ОАВ, блогерлар билан дўстона ҳамкорликда ишлаб келяпмиз. Тезкорлик билан, адолат билан ёритилган ҳар бир маълумот ҳокимлик ва раҳбарларга муаммони оператив ечишга катта ёрдам беради.

Ҳоким бўлишингизни эшитганингизда нимани ҳис қилгансиз, балки қўрқув ё хавотир бўлгандир? Туман ёки шаҳарда ҳоким бўлмасдан, бирдан вилоят ҳокими бўлиш қандай бўлган?

— Олдинги фаолиятимда ҳокимлик билан доим ҳамкорликда ишлаганман. Ҳокимлик лавозими ҳақида эшитганимда катта масъулиятли иш эканини ўйлаганман. Айтганингиздек, туман ёки шаҳарда ҳоким бўлиб, тайёр бўлиб келиш бошқача, шуни ўйлаб, бир нарсани сезганманки, бу нарса менга икки карра масъулият юклайди. Шунга яраша натижа кўрсатиш керак, халқ баҳо беради бунга.

Олдинги вилоят ҳокими билан фамилиянгиз бир хил, қариндошлигингиз борми?

— Йўқ, ҳеч қандай қариндошлигимиз йўқ. Солиқ тизимида ишлаганимда олдинги ҳоким билан ҳам ҳамкорликда ишлаганман. Мен тошкентлик, у киши эса навоийлик.

Ҳокими энг кам алмашган вилоят Навоий экан. Нима учун шундай деб ўйлайсиз, балки бу ерда ҳокимлик осонроқдир?