Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 20 декабр куни тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Замон талабидан келиб чиқиб, мамлакатимизда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида таълим, банк, молия, божхона, қишлоқ хўжалиги, геология, кадастр каби соҳаларни рақамли трансформация қилиш доирасида 100 та дастурий лойиҳа ишлаб чиқилган. 500 дан зиёд янги IT компаниялари ташкил этилиб, соҳага 475 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция кириб келган.

Йил якуни билан соҳада хизматлар ҳажми 10 триллион сўм бўлиши, экспорти эса 300 миллион доллардан ошиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич Тошкент, Самарқанд, Андижон вилоятларида юқори суръатларда ўсди. Сурхондарё ҳам илк бор IT хизматлар экспортини йўлга қўйиб, 1 миллион доллардан оширди. Ҳудудларда 20 мингдан ортиқ ёшлар мустақил шуғулланиб, халқаро онлайн платформалар орқали яратган маҳсулотини четга сотган.

Йиғилишда соҳа ривожига қўшимча шароитлар яратилиши белгиланди. Унга кўра:

  • IT компаниялари ҳудудлардаги бўш турган биноларга бир йил муддатга бепул жойлаштирилади;
  • иқтидорли дастурчиларга бир йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан компьютер ва техникалар берилади;
  • 50 дан ортиқ IT мутахассисни ишли қилган компанияларнинг бир йил давомидаги иш ҳақи харажатининг 15 фоизгача қисми қоплаб берилади;
  • экспортчи корхоналарга четдан эксперт жалб қилиш, халқаро конференцияларда қатнашиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.

Шунингдек, IT-паркни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун Германия ва Саудия Арабистонида унинг шўъба корхоналари очилади.

Умуман, шундай янги имкониятлар ҳисобига, 2024 йилда IT хизматлари ҳажмини 2 баробар ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Бунга эришиш учун, аввало, чет тили ва технологияларни биладиган кадрлар зарур. Шу боис Рақамли технологиялар вазирлигига келгуси йилда 8 минг нафар энг иқтидорли ёшларни саралаб, нуфузли халқаро компаниялар талабига мос дастур асосида ўқитиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, келгуси йилдан «Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи» лойиҳаси бошланиши, америкалик ҳамкорлар билан «Инклюзив рақамлаштириш» лойиҳаси доирасида 20 минг аҳоли бандлиги таъминланиши айтилди.

2026 йилда Халқаро информатика олимпиадаси илк бор мамлакатимизда ўтказилади. Бунга тайёргарлик кўриш учун танловлар ўтказилиб, салоҳиятли ўқувчиларни танлаб олинади, хориждан малакали мураббийлар жалб қилинади.