Ўзбекистон | 09:53 / 27.12.2023
3096
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизларни ҳунармандчиликка ўргатиш харажати бир қисми давлат томонидан молиялаштирилади

Аёллар кийим-кечакларини ишлаб чиқарувчиларга бино ижарасининг тўлови Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси томонидан қоплаб берилади.

Фото: Kun.uz

Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизлар фаоллигини оширишга қаратилган президент қарори қабул қилинди.

2024 йилнинг 1 февралидан касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш мақсадида касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади.

Бунда, курслар таълим ташкилотларида тажрибали касаначи ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда амалга оширилади. Касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида молиялаштирилади.

Таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир битирувчи хотин-қиз учун сарфланган ўқитиш харажатларининг 70 фоизи, бироқ БҲМнинг 5 баробаридан (1,7 млн сўм) ошмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Ишсиз хотин-қизлар замонавий миллий либосларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш мақсадида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг бино ва иншоотнинг дастлабки 3 ойлик ижара тўлови 2024 йилдан БҲМнинг 10 бараваригача (3,4 млн сўм) миқдорда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси томонидан қоплаб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид