Жонажон диёримизга янги – 2024 йил кириб келмоқда.

Мана шу шукуҳли дамларда дуогўй отахон ва онахонларимизни, меҳрибон опа-сингилларимизни, барча соҳа ва тармоқлар вакилларини, азму шижоатли ёшларимизни, чет эллардаги қадрли ватандошларимизни – кўпмиллатли бутун халқимизни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Муҳтарам дўстлар!

Албатта, ҳаёт бор экан, унинг ютуқ ва қувончлари, ташвиш ва муаммолари ҳам бўлиши табиийдир. Аммо инсон ва халқ ақл-заковати, ҳалол меҳнати, мустаҳкам иродаси билан ҳар қандай синовлардан муносиб ўтишга қодир.

Шу маънода, 2023 йил эл-юртимиз учун қут-баракали ва омадли келди. Энг муҳими, юртимизда тинчлик-осойишталик, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурмоқда.

Тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишни бошладик.

Кўплаб нуфузли анжуманларни юқори савияда ўтказдик.

Халқаро майдонда муҳим ташаббусларни илгари сурдик.

Барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга эришдик.

Республикамизда юқори технологик замонавий саноат корхоналари, логистика ва инфратузилма тармоқлари, боғча ва мактаблар, маданият ва спорт объектлари барпо этилди. Янги-янги иш ўринлари очилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, аҳоли ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда.

Биргаликдаги меҳнатимиз туфайли Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Барча эришган ютуқларимиз учун сиз, азиз ватандошларимга чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Муҳтарам дўстлар!

Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир. Шу мақсадда 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилдик.

Янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтирамиз. Илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.