Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё кубоги учун таркиби эълон қилинди. Жароҳати сабабли Элдор Шомуродов Қатардаги турнирни ўтказиб юборадиган бўлди. Миллий жамоа сардори ва етакчисининг ҳужум чизиғидаги ўрнини Сречко Катанец кимга ишониши саволлигича қолмоқда. 26 ўйинчидан иборат рўйхатга 3 нафар ҳужумчи киритилган.
Таркиб
Ўзбекистон миллий жамоасининг Қатарга йўл олган 28 ўйинчидан иборат таркибидан 26талик рўйхатга Элдор Шомуродов ва Шаҳбоз Умаров киритилмади. Шунга қарамай, бош жамоамиз сафида энг кўп гол урган Элдор Шомуродовнинг Қатардаги Осиё кубогида иштирок этиши имкониятига батамом нуқта қўйилмаган. Сабаби 13 январ куни Сурияга қарши илк беллашувга 6 соат вақт қолгунича таркиб борасида сўнгги қарорга келиш мумкин. Шундан сўнг мусобақанинг финал ўйинига қадар таркиб ўзгармайди. Ҳозирча Шомуродовнинг мусобақадаги 14-рақамида Жамшид Болтабоев ўйнаши маълум қилинган.

Осиё кубоги-2023 учун Ўзбекистон миллий жамоасининг таркиби:
Дарвозабонлар: 1. Ўткир Юсупов («Навбаҳор»), 12. Абдувоҳид Неъматов («Насаф»), 16. Ботирали Эргашев (ОКМК).
Ҳимоячилар: 2. Муҳаммадқодир Ҳамралиев («Пахтакор»), 3. Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»), 4. Фаррух Сайфиев («Пахтакор»), 5. Рустам Ашурматов («Рубин»), 13. Шерзод Насруллаев («Насаф»), 15. Умарбек Эшмуродов («Насаф»), 23. Ҳусниддин Алиқулов («Ризеспор»), 25. Абдуқодир Ҳусанов («Ланс»), 26. Зафармурод Абдираҳматов («Насаф»).
Яримҳимоячилар: 6. Диёр Холматов («Пахтакор»), 7. Отабек Шукуров («Фотиҳ Карагумрук»), 8. Жамшид Искандеров («Навбаҳор»), 9. Одил Ҳамробеков («Пахтакор»), 10. Жалолиддин Машарипов («Пансерраикос»), 11. Остон Ўрунов («Навбаҳор»), 14. Жамшид Болтабоев («Навбаҳор»), 18. Абдулла Абдуллаев («Хорфаккан»), 19. Азиз Турғунбоев («Пахтакор»), 20. Ҳожимат Эркинов («Пахтакор»), 22. Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА).
Ҳужумчилар: 17. Бобур Абдиҳолиқов («Ордабаси»), 21. Игор Сергеев («Патум Юнайтед»), 24. Азизбек Амонов («Насаф»).
Шомуродов тикланишга улгуриши мумкинми?
Осиё кубоги стартидан бир ой олдин – 13 декабр куни «Каляри» машғулотларида жароҳат олиб, майдонни тарк этган Элдор Шомуродовнинг оёқ кафти суяклари сингани маълум бўлди. 19 декабр куни эса ўзбекистонлик ҳужумчи Римда операция қилингач, футболчининг ўзи бу ҳақда «инстаграм»даги саҳифасида «Янада кучлироқ бўлиб қайтаман. Мени сўнгги кунларда қўллаб-қувватлаётган барчага раҳмат», - дея ёзди.





















