12:07 / 04.01.2024
16671

Самарқандда иккита юк машинаси тўқнашиб, ёниб кетди

Самарқандда иккита юк машинасининг тўқнашуви оқибатида улардан бири, 21 тонна лимон олиб кетаётган транспорт бутунлай ёниб кетди.

Фото: Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати

3 январ куни соат 23:30 да Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига М-37 трассасида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилишича, ҳодиса тахминан йўлнинг Самарқанд вилоятидан ўтувчи қисмида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Навоий-Самарқанд йўналиши бўйлаб ҳаракатланган Mercedes-Benz юк машинаси Туркиядан Қозоғистонга 21 тонна лимон олиб кетаётган бўлган. Шу пайт ҳайдовчи рул бошқарувини йўқотиб, йўлнинг ўнг томонида тўхтаган. Сўнгра бошқа бир Mercedes-Benz Astros юк машинаси унинг орқасига кириб кетган.

Ҳодиса оқибатида ёнғин содир бўлиб, юк ортилган машина бутунлай ёниб кетган. Жабрланганлар йўқ. 

Самарқанд туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЙТҲ сабабларини аниқлаш бўйича терговга қадар текширув тайинланган.

 

Top