Жаҳон | 08:34 / 05.01.2024
6682
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 17 ёшли ўқувчи мактабда отишма уюштирди 

Полиция Перри шаҳарчасидаги мактабда юз берган отишмада ўқувчи ҳалок бўлгани ва яна беш киши яраланганини тасдиқлади.

Фото: Picture Alliance

Америка полицияси Айова штати Перри шаҳридаги мактабда юз берган отишмада ўқувчи ҳалок бўлгани ва яна беш киши яраланганини тасдиқлади. 4 январ, пайшанба куни содир бўлган отишмани ўша мактабнинг 17 ёшли ўқувчиси уюштирган, у милтиқ ва кичик калибрли тўппонча билан қуролланиб олган. У мактабда ўқ узиш нияти ҳақида бир кун аввал ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилган. Ҳалок бўлган шахс 6-синф ўқувчиси экани, ярадорлар орасида тўрт нафар мактаб ўқувчиси ва бир мактаб маъмурияти ходими борлиги аниқланди. Яраланган болалардан бирининг аҳволи оғир.

ОАВ маълумотларига кўра, отишма уюштирган ўқувчи ўз жонига қасд қилган.

Полиция, шунингдек, мактаб биноси ичидан портлатилмаган қўлбола портловчи мосламани ҳам топди, у зарарсизлантирилди, деди штат жамоат хавфсизлиги департаменти вакили Митч Мортведт матбуот анжуманида.

Отишма қишки таътилдан кейинги мактабнинг биринчи куни аввалида кузатилган, яъни мактабда нисбатан кам ўқувчилар бўлган. Жиноят сабаблари номаълум.

Мавзуга оид