Жаҳон | 09:20 / 06.01.2024
9004
3 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги Қримга ҳужум қайтарилгани ҳақида хабар берди

Қатор манбалар аввалроқ, 4 январ куни Украина Қуролли кучларининг Қримга уюштирган ҳужуми натижасида иккита ҳарбий объектга зарба берилгани, 23 нафар ҳарбий хизматчи, жумладан беш нафар юқори мартабали зобит ҳалок бўлганини хабар қилганди.

Фото: Reuters

Россия Мудофаа вазирлиги 6 январ, шанба куни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Қрим яримороли узра тўртта авиацион бошқариладиган ракеталарни тутиб, йўқ қилгани ҳақида хабар берди. «6 январ куни Москва вақти билан тахминан соат 00:30 да Киев режими томонидан Россия Федерацияси ҳудудидаги объектларга қарши авиацион бошқариладиган ракеталардан фойдаланган ҳолда террорчилик ҳужуми уюштиришга уриниш тўхтатилди», — дейилади маҳкаманинг Telegram-каналида. Қайд этилишича, ракеталар ҳаво ҳужумига қарши навбатчи мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинган.

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 5 январ куни Қора денгиз узра бешта дрон уриб туширилган. 

Украинанинг Қримдаги ҳужуми натижасида юқори мартабали зобитлар ҳалок бўлди

4 январ куни Севастопол губернатори Михаил Развожаев Россия ҳарбийлари шаҳарга қилинган ҳужумни қайтариш доирасида бир нечта ҳаво нишонларини уриб туширганини маълум қилди. 

Кремлпараст «Кремлевская табакерка» Telegram-каналининг Бош штаб ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигидаги етти манбага таяниб хабар беришича, ўша куни Украина Қуролли кучлари Қрим томон 10 та ракета учирган, улардан еттитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган, қолган учтаси ўз мақсадларига эришган. Канал манбаларининг иддао қилишича, зарбалар Сакс тумани, шунингдек, Севастопол яқинидаги ҳарбий объектларга берилган. 

«Иккита объектда 23 нафар ҳарбий ҳалок бўлди, улардан беш нафари юқори мартабали зобитлар. Шунингдек, ҳалок бўлганлар орасида камида тўққиз нафар махсус кучлар аскари ҳам бор», - дейилади «Кремлевская табакерка» хабарида. Бундан ташқари, канал қайд этишича, ҳужум натижасида ҳаво ҳужумидан мудофаа ва радиоэлектрон тизимларнинг бир қанча элементлари йўқотилган. Шу муносабат билан ҳарбийлар Москвадан яриморолнинг ҳаво мудофаасини зудлик билан кучайтиришни сўраган.

Украинанинг «Юг» кўнгиллилар армияси спикери Сергей Братчук айтишича, Севастопол яқинидаги қўмондонлик пункти нишонга олинганида бир қанча юқори мартабали россиялик зобит ёки генерал йўқ қилинган.

Украина жануби мудофаа кучлари матбуот котиби Наталя Гуменюкнинг сўзларига кўра, ҳозирда Украина томони зарбалар оқибатларини баҳоламоқда. 

Мавзуга оид