Ўзбекистон | 15:28 / 08.01.2024
25100
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бензин нархи юқорилиги бўйича АҚШни ортда қолдирди

Ўзбекистонда АИ-95 маркали бензин нархи Туркманистонга нисбатан 2,5 баробарга, Қозоғистонга нисбатан 2,1 баробарга қимматроқ. 1 январ ҳолатига, дунё бўйича энг арзон бензин Эронда (1 литр учун 354 сўм), энг қиммати Ҳонгконгда (38 371 сўм) қайд этилган.

Фото: Shutterstock

2024 йил 1 январ ҳолатига, юқори сифатли (АИ-95) 1 литр бензиннинг глобал миқёсдаги ўртача нархи 16 028 сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Globalpetrolprices сайтида маълумот берилган.

Дунё бўйича энг арзон бензин Эрон (тақрибан 354 сўм), Ливия (388 сўм) ва Венесуэлада (433 сўм) қайд этилган.

Энг қиммат нархлар эса Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди бўлмиш Ҳонконгда (38 371 сўм), шунингдек, Монако (29 110 сўм) ва Исландияда (28 764 сўм).

Манбага кўра, МДҲ давлатларида юқори сифатли бензин нархлари қуйидагича:

  • Туркманистон – 5397 сўм;
  • Қозоғистон – 6605 сўм;
  • Озарбойжон – 7278 сўм;
  • Россия – 7631 сўм;
  • Беларус– 8819 сўм;
  • Қирғизистон – 9916 сўм;
  • Ўзбекистон – 13 838 сўм;
  • Молдова – 16 401 сўм.

Нархлар солиштирилганда кўриш мумкинки, Ўзбекистонда бензин нархи Туркманистонга нисбатан 2,5 баробарга, Қозоғистонга нисбатан 2,1 баробарга қимматроқ. Тожикистондаги нархлар бўйича маълумотлар берилмаган.

Шунингдек, 1 литр АИ-95 бензин нархи АҚШда – 11 267 сўмни, Афғонистонда – 13 104 сўмни, Хитойда – 14 174 сўмни, Туркияда – 14 459 минг сўмни ташкил этади.

Ўзбекистон расмий статистикасига кўра, мамлакатда 2023 йили бензин 19 фоизга қимматлашган; пропан нархи 29 фоизга, метан нархи 22 фоизга ошган.

Мавзуга оид