Жаҳон | 12:34 / 10.01.2024
4853
2 дақиқада ўқилади

Ғарб давлатларида Россия президенти сайловлари ўтказилмаслиги мумкин

«Дўст бўлмаган» мамлакатларда овоз беришнинг эҳтимолий бекор қилиниши сабабини газета манбалари хавфсизлик муаммолари ва консуллик ходимлари сонининг қисқариши билан изоҳламоқда.

Фото: РИА Новости / Денис Абрамов

Баъзи «дўст бўлмаган» давлатлар ҳудудидаги Россия консулликларида Россия президенти сайлови учун сайлов участкалари ташкил этилмайди. Бу ҳақда 9 январ, сешанба куни дипломатик доиралардаги манбага таяниб, «Ведомости» хабар берди. Манба сўзларига кўра, гап Россия ҳукуматининг тегишли рўйхатига киритилган мамлакатларнинг (49 та) салмоқли қисми ҳақида кетмоқда. Бироқ, газета суҳбатдошининг таъкидлашича, бу масала бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган, маслаҳатлашувлар давом этмоқда.

Россия Марказий сайлов комиссияси аъзоси Павел Андреев нашрга мамлакатларнинг овоз бериш учун қамрови ҳали аниқланмаганини, хорижда сайлов участкаларини шакллантириш муддати 24 январ эканлигини, аммо комиссия сайлов санасидан беш кун олдин тегишли қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эгалигини тасдиқлади. «Дўст бўлмаган» мамлакатларда овоз беришнинг эҳтимолий бекор қилиниши сабабини газета манбалари хавфсизлик муаммолари ва консуллик ходимлари сонининг қисқариши билан изоҳламоқда.

РФ ТИВ: «дўст бўлмаган» мамлакатларда сайловлар бўйича қарор январ охиригача қабул қилинади 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги «дўст бўлмаган» мамлакатларда президентлик сайловларини ўтказиш билан боғлиқ вазиятни ўрганмоқда, овоз беришни ташкил этиш формати ва амалий жиҳатлари эълон қилинади, деди ТИВ вакили Мария Захарова РБК’га. 

«Биз давлатлардан хавфсизликни таъминлашни сўраймиз ва идоралараро ўрганиш натижаларига кўра хорижда овоз беришни ташкил этиш схемаси бўйича қарор қабул қилинади», деди Захарова. У формат ва амалий жиҳатлар тахминан январ охирига қадар эълон қилинишини айтди.

2018 йилги президентлик сайловларида 444 минг, 2012 йилда эса 442 минг киши хорижда овоз берган, деб эслатади «Ведомости». 

Мавзуга оид