Жаҳон | 08:10 / 11.01.2024
7988
4 дақиқада ўқилади

8 та давлат Россияни БМТдаги мақомини суиистеъмол қилаётганликда айблади

АҚШ ва яна етти давлат Россияни Украинага ҳужум қилиш учун Шимолий Корея ракеталарини сотиб олишда ва БМТ Хавфсизлик кенгашидаги позициясини суиистеъмол қилишда айблади. Россия элчиси анъанага кўра айбловларни рад этди.

Фото: Mary Altaffer / AP

АҚШ, Буюк Британия, Франция, Малта, Словения, Жанубий Корея, Япония ва Украинанинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги вакиллари Россияни Шимолий Корея ракеталарини сотиб олиш ва Украинага ҳужум қилиш орқали кенгаш доимий аъзоси сифатидаги мавқейидан фойдаланганликда айблади. Бу ҳақда 10 январ, чоршанба куни АҚШнинг БМТдаги миссияси матбуот хизмати сайтида чоп этилган баёнотда айтилади.

Қўшма баёнот матнида, шунингдек, КХДРдан Россияга қурол экспорт қилиш БМТ Хавфсизлик кенгашининг кўплаб резолюцияларини қўпол равишда бузаётгани айтилади. «Ушбу қоидабузарликларни ихтиёрий равишда содир этган Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси ўз позициясидан фойдаланаётганини аниқ кўрсатмоқда», — дейилади баёнотда.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси БМТнинг бошқа аъзосига ҳужум қилиш мақсадида кенгаш резолюцияларини қўпол равишда бузиши қабул қилиб бўлмас ҳолатдир», — дея Reuters агентлиги АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуднинг сўзларидан иқтибос келтирди. Бошқа нарсалар қаторида, бу акт оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик глобал тизимини бузади, дея қўшимча қилди АҚШ вакили. 

Россиянинг БМТдаги элчиси Василий Небензя айбловларга жавобан, бу «очиқ ёлғон маълумот» эканлигини айтди, аммо тўғридан тўғри раддия бермади, деб таъкидлайди Reuters. 

АҚШ РФнинг КХДР ракеталарини қўллаганига оид далилларга эга, Украина ҳали далиллар базаси устида ишламоқда

Шу куни Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғининг ўринбосари генерал майор Вадим Скибицкий Украина оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Киевда ҳозир Россия Федерациясида КХДРдан баллистик ракеталар борлигига оид тўғридан тўғри далил йўқлигини айтди. «Халқаро судга келиб, «Оммавий ахборот воситаларида кимдир қаердадир ниманидир отди, деб ёзишди», дея олмайсиз. Бу бундай ишламайди. Шунинг учун шошилмаяпмиз. Бу масала устида ишлаяпмиз, агар улар бўлса мавжуд бўлса, албатта ўзини намоён қилади», деди у. 

Шу билан бирга, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши координатори Жон Кирби бундан бир кун олдин, 6 январда Россия Украинага Шимолий Кореядан олган бир нечта ракеталарни учирганини айтди. Унинг аниқлик киритишича, Қўшма Штатлар ҳозирда Украинага бундай ҳужумлар оқибатларини баҳоламоқда. Кирби таъкидлашича, Россия иттифоқчи давлатлардан ҳарбий техника излашга мажбур ва улардан бири - КХДР. Осиё давлати яқинда Россияни баллистик ракета учирувчи қурилмалар ва бир неча ўнлаб шундай ракеталар билан таъминлади, дея қўшимча қилди Оқ уй вакили 9 январ куни бўлиб ўтган брифингда. 

30 декабр ва 2 январ кунлари Россия уруш бошланганидан бери Киев, Харкив ва Украинанинг бошқа шаҳарларига барча турдаги ракеталар ва ҳужумкор дронлардан фойдаланган ҳолда ҳужумларнинг энг йирик тўлқинларидан бирини амалга оширди. 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 29 декабрдан бери Россия қўшинлари Украина ҳудудига 300 га яқин ракета ва 200 дан ортиқ учувчисиз учоқларни учирган. Оқ уй маълумотларига кўра, РФ ушбу ҳужумларда КХДР ракеталаридан қисман фойдаланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид