Жаҳон | 14:35 / 11.01.2024
6562
2 дақиқада ўқилади

Россия Адлия вазирлиги тўрт «чет эл агенти»нинг уй манзилини эълон қилди

Вазирлик Жиноят кодексининг шахсий ҳаёт дахлсизлиги тўғрисидаги моддасини бузди, бу тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деди «Первый отдел» инсон ҳуқуқлари ташкилоти юристи Максим Оленичев.

Фото: DW

Россия Адлия вазирлиги ўз сайтида Россия расмийлари томонидан «чет эл агенти» деб эълон қилинган тўрт нафар россияликнинг уй манзиллари ва бошқа шахсий маълумотларини эълон қилди, деб хабар берди Sota телеграм-канали 9 январ куни. 

«2024 йил учун чет эл агентларини текширишлар режаси» ҳужжатида «Голос» ҳаракати фаоли Сергей Пискунов, журналистлар Екатерина Лушникова ва Денис Константинов, шунингдек, блогер Николай Соболевнинг уй манзили, мажбурий пенсия суғуртаси тизимидаги ҳисобрақами ва солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилган.

Шу тариқа, Адлия вазирлиги Жиноят кодексининг шахсий ҳаёт дахлсизлиги тўғрисидаги моддасини бузди, мансаб мавқейидан фойдаланган ҳолда содир этилган бундай ҳаракат тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деди The Insider’га «Первый отдел» инсон ҳуқуқлари ташкилоти юристи Максим Оленичев. 

Бир неча юзлаб «чет эл агентлари» 

Россияда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар тақиқ рўйхатига киритилган. Жисмоний шахслар – «чет эл агентлари» реестри 2022 йил апрел ойи бошида ишга туширилган бўлиб, у ННТлар – «чет эл агентлари», ОАВ – «чет эл агентлари» ва рўйхатдан ўтмаган ташкилотлар – «чет эл агентлари» рўйхати билан бир қаторда тўртинчи рўйхат бўлди. 2022 йил декабр ойидан бошлаб қонун, Россия расмийларига кўра, «чет элдан ёрдам оладиган» ва «хорижий таъсир остида» бўлганларни «чет эл агентлари» деб эълон қилиш имконини беради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид