Украинада урушнинг 686-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Володимир Зеленский Вилнюсда Литва президенти билан учрашувдан кейин чиқиш қилди. Украина президенти ўз мамлакати ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига катта эҳтиёж сезаётганини айтган. 
  • Оқ уй вакили Жон Кирби россиялик ҳарбийлар Украина бўйлаб 6 январ куни берилган зарбаларда КХДРдан олинган ракеталарни қўллаганини маълум қилди. 
  • Россиянинг Саратов областида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари дронни уриб туширди. Областнинг Энгелс районида Россия стратегик бомбардимончилари жойлаштирилган ҳарбий аэродром бор.
  • Sky News хабарига кўра, Эрон Россия учун янги зарбдор дрон ишлаб чиқди.
  • Украина ҳукумати Американинг Subway ресторанлар тармоғини «уруш ҳомийлари» рўйхатига киритди. Маълум қилинишича, Россияда компаниянинг 500 дан ортиқ ресторанлари фаолият кўрсатишда давом этмоқда ва Россия бюджети учун юз минглаб доллар миқдорида солиқлар тўламоқда.

Харкивдаги меҳмонхонага зарба оқибатлари

Харкив бўйлаб 10 январга ўтар кечаси амалга оширилган ракета ҳужуми оқибатида 13 киши жароҳатланган. Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовга кўра, россиялик ҳарбийлар С-300 комплекси ракеталари билан зарбалар йўллаган; меҳмонхона биноси шикастланган, у ерда ҳужум вақтида тинч аҳоли вакиллари бўлган 30 дан ортиқ киши бор эди. Шаҳар ўққа тутилиши оқибатида етти аёл ва тўрт киши жароҳат олган, улардан бири оғир аҳволда. Харкив мэри Игор Тереховнинг сўзларига кўра, яраланганлар орасида — туркиялик журналистлар ҳам бор. Anadolu агентлиги зарба вақтида меҳмонхонада икки ходими бўлгани ва улардан бири жабрланганини тасдиқлаган.

Шунингдек, Терехов ҳужум оқибатида турар жойлар, автосалон ва ишлаб чиқариш корхоналари шикастланганини маълум қилган. Синегубовнинг қўшимча қилишича, зарба чоғида бир неча автомобил ёниб кетган.

Россия ҳужуми оқибатида вайрон бўлган меҳмонхона. Фото: Украина ФВДХ
Воқеа жойига етиб келган Украина ФВДХ ходимлари