Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент атмосфераси ифлосланиши бўйича маълумотларни эълон қилди. Ҳавонинг бузилишига табиий ва антропоген омиллар сабаб бўлгани айтилган.

Вазирлик қуйидаги сабабларни келтирган:

Жумладан, Тошкентда яшил ҳудуд камайган. Хусусан, дарахтлар ва буталар кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган.

Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида бир неча марта қурилиш ишларини амалга оширмаслик бўйича мораторий эълон қилинган бўлса-да, қурилишлар ҳануз давом этмоқда.

Автотранспорт воситалари сони ортиб бормоқда. Транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёқилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Жумладан, Республика бўйича автомобиллар сони 2021 йилда 3,14 млн донани ташкил этган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 млн донага етди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келмоқда. Халқаро стандартларга тўғри келмайдиган А-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда.

Шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш цикли оптималлаштирилмаган, йўл ҳаракати тўғри ташкил этилмаган. Натижада Тошкент шаҳрида тирбандлик ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Тирбандликда тўхтаб турган автомобил эса ҳаракатланаётган автомобилга нисбатан атмосферага кўпроқ ташлама чиқаради.

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3,9 миллион тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 млн тоннага, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 миллион тоннага етган. Кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар эса атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ресурслари ифлосланишига олиб келмоқда.