Украина Россия КХДР ракеталаридан фойдалангани ҳақидаги далиллар тўғрисида маълум қилди
Украина бош прокурори эксперт маълумотларига таяниб, Россия қўшинлари Харкивни ўққа тутишда Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталардан фойдаланганини билдирди. АҚШ КХДРдан Россияга ракета етказиб берилгани учун санкциялар жорий қилди.
Украина бош прокуратураси Россия қўшинлари Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталардан фойдалангани эҳтимоли бўйича дастлабки далилларни олди, деди Украина бош прокурори Андрей Костин 11 январ, пайшанба куни «Единые новости» телемарафонида. Унинг сўзларига кўра, Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталардан, хусусан, 2 январ куни Харкивни ўққа тутишда фойдаланилган.
«Дастлабки илмий-техник экспертиза натижалари 2 январ куни Харкивнинг марказий қисмига учирилган ракета Шимолий Корея томонидан ишлаб чиқилган қисқа масофага учувчи ракета эканлигини тасдиқлади», — деди Костин.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозир кенг қамровли экспертиза ўтказилмоқда, у якуний тарзда ишлатилган ракетани аниқлаши керак. Бундан ташқари, яқинда Харкив ва Одесса вилоятларини ўққа тутиш вақтида рус қўшинлари томонидан отилган ракета парчаларини қидириш давом этмоқда.
АҚШ КХДРдан Россияга ракеталар етказиб берилгани ва синовлар ўтказилгани учун санкциялар киритди
АҚШ Давлат департаменти шу куни, 11 январ кечқурун «Россиянинг Украинага қарши фойдаланиши учун КХДРдан баллистик ракеталарни узатиш ва синовдан ўтказишда иштирок этган» уч юридик шахс ва бир жисмоний шахсга қарши санкцияларни эълон қилди.
Департамент сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра, «224 летный отряд» давлат авиакомпанияси ва унинг директори Владимир Михейчик санкциялар рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, Астрахан вилоятидаги Ашулуқ ва Владимировка полигонларига ҳам чекловлар киритилди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ўз баёнотида: «Биз бундан кейин ҳам чора кўришдан тортинмаймиз» деди.
Аввалроқ Қўшма Штатлар Россия қўшинлари томонидан Украинада Шимолий Корея баллистик ракеталари қўлланганининг учта ҳолати ҳақида хабар берган эди - 30 декабр, 2 ва 6 январ кунлари. Шу сабабли, Қўшма Штатлар бошчилигидаги бир қанча давлатлар Россия Федерациясини БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида «ўз позициясини суиистеъмол қилишда» айблади. Москва ва Пхенян Шимолий Кореянинг Россияга қурол етказиб беришини бир неча бор рад этган.
Жанубий Корея Россияга КХДРдан янги ракеталар етказиб берилиши эҳтимоли борлигини маълум қилди
Жанубий Корея мудофаа вазири Шин Вон Сик 11 январ куни чоп этилган интервюсида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг КХДРдаги ҳарбий заводга яқинда қилган ташрифига эътибор қаратди. Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари ташрифни ёритишда Жанубий Корея ҳарбийлари тактик ядро қуролини олиб юришга қодир қисқа масофали баллистик ракеталар деб таърифлаган янги қурол тизимини кўрсатди.
«Шимолий Корея 2022 йил апрелида биринчи марта қисқа масофали баллистик ракетани синовдан ўтказди. Бу қуролнинг янги тури бўлиб, 100-180 километр масофани босиб ўтади», - деди Шин Вон Сик. Унинг фикрича, Ким Чен Иннинг заводга ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда ушбу янги ракеталарни Россияга етказиб бериш билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53 / 13.11.2024