Украинада урушнинг 689-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Буюк Британия бош вазири Риши Сунакнинг Киевга ташрифи вақтида Британия ҳукумати Украинага 2,5 миллиард фунт стерлинг миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиши эълон қилинди.
  • Украина ва Буюк Британия хавфсизлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳужжат Украинага такрорий ҳужум рўй берган тақдирда Буюк Британия Киевга мудофаа соҳасида «тезкор ва тўхтовсиз» ёрдам кўрсатишини назарда тутади.
  • Россиялик ҳарбийлар Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади. Украина қуролли кучларига кўра, жами 40 та ракета учирилган, шундан саккизтаси уриб туширилган, яна 20 таси нишонга етиб бора олмаган. РФ мудофаа вазирлиги эса «барча белгиланган объектларга аниқ зарба берилгани»ни билдирган.
  • Краснодар ўлкасидаги далада ракетага ўхшаш объект топилди. Маҳаллий расмийлар бу «номаълум қурилма парчаси» эканини маълум қилган.
  • Украина ҚК Белгород областидаги қишлоқлардан бирига камикадзе дронлар билан ҳужум уюштирди. Бир киши жароҳатланган.
  • «РБК-Украина» нашри ёзишича, Украинадаги сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳасининг янги версиясига кўра, депутатлар ҳарбий мажбуриятдан ҳимояланган бўлмайди.
  • «Медиазона» ва BBC Украинадаги урушда ҳалок бўлган 41 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар шахсини тасдиқлади. Шундан 1 100 дан ортиғи 20 ёшга тўлмаган ҳарбийлар бўлган.
  • FT хабарига кўра, Еврокомиссия Украинага 50 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратилиши учун Венгрияга ён беради.
  • Франция ТИВнинг янги раҳбари лавозимга тайинланганидан бир неча кун ўтиб Киевга келди.

Кун кадри. Шостка шаҳри ўққа тутилиши

13 январга ўтар кечаси ва тонгда Россия қўшини Украинага ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондонлиги РФ армияси 40 та «ҳаво ҳужуми воситалари»: қанотли, аэробаллистик, баллистик, авиацион, зенит ракеталар ҳамда дронлардан фойдаланган. Маҳаллий расмийлар Ривне, Полтава, Черниҳив, Кировоград, Хмелницкая, Днипропетровск ва Суми областларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушгани ҳақида хабар берган. Суми областида Шостка шаҳри зарбага учраб, бир аёл жароҳатланган. Шосткада 12 минг квартира иссиқликсиз қолган, айрим жойларда портлаш туфайли деразалар тўкилган.

Шостк аҳолиси вакили россияликлар ракетаси ҳосил қилган ўра ёнида
Oleh Tymoshenko / Reuters / Scanpix / LETA