Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари тарихига назар ташланса, КГБ ҳамда совет ташқи разведка бошқармаси ходимларидан жуда кўпчилиги Ғарб давлатларига қочиб ўтганини кўриш мумкин.

Уларнинг аксарияти АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёки Британиянинг МI хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, аксинча Британия ёки АҚШ хавфсизлик хизмати ходимларидан айримлари советлар фойдасига ишлаган.

КГБ жосусларининг Ғарбга қочиб ўтишларига айрим ҳолларда пул, бошқасида СССРда зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик устига қурилган тузум сабаб бўлган. Ғарбга қочиб кетган жуда кўп КГБ ходимлари совет иттифоқидаги адолатсиз ва зўравон тузумда яшашни хоҳлашмаганини айтган.

Уларнинг айримлари хизматлари қадрланмаганини сабаб қилиб кўрсатган. Ёки ноҳақ жабр кўргани учун аламзада бўлган ва Ғарбга қочиб ўтган.

Бироқ шундай бўлса-да МРБ ёки Британиянинг МI хавфсизлик хизмати фойдасига ишлаган жосусларга, Ғарбга қочиб бориб кўплаб махфий маълумотларни ошкор қилган КГБ ходимларига жуда катта миқдорда мукофот пуллари тўланган.

Британияга қочиб кетган КГБ зобити Олег Гордиевский
Фото: graphics.wsj.com

Шунингдек, Ғарб давлатларида эркин жамият ва юқори маош тўланганига қарамасдан айрим ҳолларда СССР фойдасига жосуслик қилган шахслар ҳам учраб турган.

Уларнинг айримлари советларнинг «бутун дунёни тенг қилиш» ҳақидаги пуч ғоясига учган бўлса, бошқалари ўз давлатида жабр чеккани учун аламзада бўлгани учун шу йўлни танлаган.

Советлар учун хизмат қилган ана шундай жосуслардан бир гуруҳи «Қойилмақом бешлик» ёки «Кембриж бешлиги» деб аталади.

Гуруҳ аъзолари Британияда юқори лавозимларни эгаллаган ва жосус сифатида совет ташқи разведка хизмати билан ҳамкорлик қилган.

Аслида жосуслар ҳеч қачон гуруҳ бўлиб ишламайди ва «Кембриж бешлиги»га кирган шахслар ҳам билан ҳам шундай бўлган. Уларнинг барчаси алоҳида ишлаган. Шунчаки, жосусларнинг барчасини бир шахс ёллагани учун тарихда улар «Кембриж бешлиги» гуруҳи деб аталган.