Намибия Исроилни қўллаб-қувватлаган Германияни кескин танқид қилди
Намибия Берлиннинг Ҳаагада Исроилни қўллаб-қувватлаш ниятини «ҳайратланарли» деб баҳолади. У Германияни «ўзининг даҳшатли тарихидан сабоқ чиқармаганликда» айблади.
Намибия Германия ҳукуматининг Ҳаагадаги БМТ Халқаро судида Исроилни ҳимоя қилиш учун нутқ сўзлаш нияти ҳақидаги баёнотини танқид қилди. 13 январ куни X ижтимоий тармоғидаги постда Германия «ўзининг даҳшатли тарихидан сабоқ олмаганликда» айбланган. Африка давлати президенти Хаге Гейнгоб Берлиннинг Исроилни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги «ҳайратланарли» қароридан чуқур хавотир билдирди.
Исроилнинг ҲАМАС ташкилотига қарши ҳарбий операцияси матбуот учун баёнотда «ирқчи Исроил давлати томонидан Ғазодаги бегуноҳ тинч аҳолига қарши геноцидга уриниш» деб аталган.
Намибия Берлинга 20-асрдаги биринчи геноцидда айбдорлигини эслатди
Виндхукдаги президент канцелярияси Германия ҳукмронлиги остида Намибияда содир этилган мустамлакачилик жиноятлари ва Берлин ХХ асрда ўша пайтдаги немис колонияси ҳисобланган Жануби-Ғарбий Африкада ўн минглаб намибияликлар ўлдирилган ғайриинсоний ва шафқатсизларча содир этилган биринчи геноцид учун жавобгар эканини эслатиб ўтди. Германия Ғазо секторидаги «Холокост ва геноцидга тенглаштирилган ҳаракатлар»ни қўллаб-қувватлаши таъкидланган ҳисоботда бунинг учун ҳали ҳам товон пули тўлиқ тўланмагани айтилади.
Президент Гейнгоб Берлинни Исроилни қўллаб-қувватлаш ниятидан воз кечишга чақирди.
2023 йил охирида Намибияга қўшни бўлган Жанубий Африка Республикаси ҳукумати томонидан БМТ Халқаро судига Исроилга қарши даъво аризаси киритилди. Унда улар Исроил ҳукуматини Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга мажбурловчи вақтинчалик резолюция қабул қилинишини талаб этган. Шу билан бирга, ЖАР Исроил Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузаётганига ишора қилди. ЖАР президенти Сирил Рамапоса БМТ судига мурожаат қилиш унинг мамлакатининг принципиал позицияси эканини таъкидлади.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 23 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
22:02 / 25.11.2024
НАТО раҳбарияти ғарбдаги йирик компанияларни урушга тайёргарлик кўришга чақирди
15:13 / 23.11.2024
ГФР Нетаняҳуни ҳибсга олишга берилган ордер оқибатларини ўрганмоқда
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024