ОАВ маълумотларига кўра, РФ ҳукумати Россия армияси ҳақидаги «фейклар» ва дезертирликка оммавий чақиришда айбланганларнинг мулкини мусодара қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган. 15 январ, душанба куни ушбу ҳужжат қонун ижодкорлиги бўйича ҳукумат комиссияси томонидан маъқулланди, деб хабар бермоқда РБК ва RTVI.
Қонун лойиҳаси Давлат думаси вице-спикери Ирина Яровая, шунингдек, думанинг хавфсизлик ва маданият қўмиталари раҳбарлари Василий Пискарев ва Елена Ямполская томонидан илгари сурилган. Аввалроқ у барча ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан маъқулланган эди, деб ёзади РБК ҳукуматдаги манбага таяниб.
Ғараз ниятда содир этилган жиноятлар учун мулкни мусодара қилиш
Қонун лойиҳаси РФ ЖКнинг иккита моддасини мулкни мусодара қилиш назарда тутилган жиноятлар рўйхатига киритишни кўзда тутади - «РФ ҚКдан фойдаланиш тўғрисида қасддан ёлғон маълумотни оммавий равишда тарқатиш ва давлат органларининг ўз ваколатларини бажариши тўғрисида»ги 207.3-модда, шунингдек, «давлат хавфсизлигига қарши қаратилган фаолиятни амалга оширишга (масалан - дезертирликка) оммавий чақириқлар» бўйича 280.4-модда.
Қайд этилишича, агар фуқаролар ушбу жиноятларда айбдор деб топилса ва улар ғаразли сабабларга кўра содир этилган бўлса, мулкни мусодара қилиш тарзидаги жазо қўлланиши кўзда тутилган. Ҳужжат ҳали Давлат думасига тақдим этилмади.
Шу билан бирга, Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери РФда РФ ҚК ҳақидаги «фейклар» бўйича 270 дан ортиқ жиноий иш очилди.

















