Жамият | 07:59 / 17.01.2024
18086
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Monza’дан танасини чиқариб ҳаракатланган ёшларнинг ота-онаси жавобгарликка тортилди

Ижтимоий тармоқларда танасини транспорт воситасидан чиқариб ҳаракатланган ва хавфли манёврни амалга оширган шахсларнинг видеоси тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур видео Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганиб чиқилди.

Фото: Видеодан кадр

Аниқланишича, жорий йилнинг 16 январга ўтар кечаси тахминан соат 03:30 ларда Олмазор тумани Янги Олмазор кўчасида 2005 йилда туғилган Ш.С. (ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд эмас) ижарага олинган Monza русумли автомобилда давлат рақамини ечиб ҳаракатланган

Ҳаракатланиш жараёнида транспорт воситасида танишлари - 2006 йилда туғилган М.А., 2006 йилда туғилган М.Л., 2009 йилда туғилган И.А. ҳам бўлган ва йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Транспорт воситасини бошқарган Ш.С. йўловчилар М.Л. ва И.А. танасини транспорт воситасидан чиқариб ҳаракатланишига йўл қўйган ва уларнинг ҳаётини хавф остига солган.   

Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаганларнинг ота-онасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига (“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик”) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Транспорт воситаси жарима майдонига қўйилди.

Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидалари бузилилгани ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.   

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид