Ўтган ҳафта давомида Европада қишки трансферлар ойнасида фаоллашув кузатилди. Клублар келишувларга эришиб, мавсумнинг биринчи қисмида юзага келган муаммоларни ҳал қилишмоқда. Қуйида сўнгги кунларда эълон қилинган асосий трансферлар келтирилади.
Муҳаммад-Али Шо: «Реал Сосиедад» → «Ницца» (10 млн евро)

19 ёшли француз форварди «Сосиедад»нинг асосий таркибидан жой ололмади. Шо жорий мавсумда 17 ўйинда иштирок этди (аммо жами 484 дақиқа майдонда бўлди), бирорта гол ёки голли пас муаллифи бўла олмади. У басклар сафидаги жами 40 ўйинида атиги икки бор гол урган. «Сосиедад» Муҳаммад-Алини ижарага беришни истамад ва уни «Ницца»га яхшигина нарх эвазига пуллади. Ёш ҳужумчи ўз ватанида яхшироқ ўйнаб кетадими?
Филиппо Терраччано: «Верона» → «Милан» (4,5 млн евро)

«Милан» мавсумни у қадар кучли ўтказмаяпти. А Серияда жамоа учликда бормоқда, аммо «Интер» ҳамда «Ювентус»нинг олтин учун рақобатига қўшила олмаяпти. «Россонерилар» Италия кубогини ҳам тарк этишди, Чемпионлар лигасида эса гуруҳда учинчи ўринни эгаллашди. Жамоадаги муаммолардан бири — захира ўриндиғи кенг эмаслигида: етакчилардан кимдир сафдан чиқса, «Милан» ўйинида пасайиш юзага келмоқда. «Верона»дан ҳимоячи Филиппо Терраччанонинг сотиб олиниши — вазиятни ўнглаш учун ташланган қадамлардан бири бўлди. Ушбу футболчи ўнг қанотда ҳам, марказда ҳам ва ҳатто яримҳимояда ҳам ўйнашга тайёр. Умуман олганда, Пиоли у қадар катта бўлмаган маблағ эвазига универсал футболчига эга бўлди. Терраччано билан шартнома 2028 йил ёзига қадар имзоланган. Филиппо «Милан»га мослашиб кетиш учун етарлича вақт бўлади.
Малик Фофана: «Гент» → «Лион» (17 млн евро)

«Лион»да келажак учун навбатдаги трансфер. Клуб 18 ёшли вингер Малик Фофана билан шартнома имзолади. Унинг трансфери учун «Гент»га — 17 млн евро тўланди. Шунингдек, клублар ўртасидаги келишувга кўра, маълум шартлар бажарилганда, бонуслар тўланиши ҳам кўзда тутилган. Жорий мавсумда Фофана «Гент» учун барча турнирлар доирасида 31 учрашувда майдонга тушиб, тўрт гол урган ва беш голга узатма берган. «Лион» ички чемпионатда 16-ўринда бормоқда, жамоада вазият жуда ёмон. Янги футболчи «Лион»га инқироздан чиқишга ёрдам бера оладими?























