09:30 / 19.01.2024
3036

Ўзбекистонда олма ва мандарин нархи қимматлашди

Январ ойининг биринчи ҳафтасида 1 килограмм Golden Delicious навли олма 14 минг сўмдан, мандарин нархи эса 9 минг сўмдан сотилган.

EastFruit таҳлилчиларига кўра, Ўзбекистонда дам олиш кунларидан сўнг, бу даврдаги талабнинг анъанавий заифлашувига қарамай, олма нархи яна кўтарилган.

Хусусан, 2024 йил январ ойининг биринчи ҳафтасида олма улгуржи нархлари ўртача 20 фоизга ошди ва 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга юқори бўлди.

Golden Delicious олмаси нархи кескин, атиги бир ҳафта ичида 40 фоизга кўтарилди. Шу тариқа, ушбу олма навининг нархи Ўзбекистон бозорида тобора оммалашиб бораётган олманинг «Гала» навига тенглашди.

Энг машҳур ва арзон янги йил меваси - мандарин ҳам қимматлашди. Бир ҳафта давомида мандарин улгуржи нархи 13 фоизга ошди, бироқ бу мева ҳали ҳам нисбатан арзон — бир килограмм улгуржи сотувда ўртача 9 минг сўмдан сотилди, бу бир килограмм учун 0,73 долларга тенг.

Таққослаш учун, энг арзон олма навлари - 1 килограмми 10 минг сўм ёки 0,81 доллар, Golden Delicious нави эса 14 минг сўм ёки бир килограмми 1,14 доллардан сотилди.

Top