Мандарин қишда энг кўп истеъмол қилинадиган мева. Барча фойдали хусусиятларига қарамай, ушбу цитрус мевани меъёридан ортиқ истеъмол қилиш соғлик учун жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Россиялик нутрициолог Юлия Хлопава мандаринларнинг фойда ва зарарлари ҳақида илмий далилларга асосланган маълумотлар билан ўртоқлашди.

Мандаринлар нимаси билан фойдали?

Мандарин витаминлар, минераллар ва антиоксидантларга бой мева ҳисобланади. Унинг фойдали хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

C витамини манбаи. Бу витамин иммунитетни қўллаб-қувватлайдиган, шамоллашга қарши курашишга ёрдам берадиган ва тери ҳолатини яхшилаб, уни ялтиратадиган хусусиятларга эга.

Антиоксидантлар. Мандаринлар таркибидаги флавоноидлар ва каротиноидлар организм ҳужайраларини оксидланиш стрессидан ҳимоя қилиб, қариш жараёнларини секинлаштиради.

Овқат ҳазм қилишни қўллаб-қувватлаш. Мандаринлар таркибида ичак саломатлигини сақлашга ёрдам берадиган ва қабзиятнинг олдини оладиган клетчатка мавжуд.

Фойдали микроэлементлар. Мандаринлар юрак, суяклар ва асаб тизими учун фойдали бўлган калий, магний ва кальцийга бой.

Калорияси паст. Ўртача бир дона мандарин тахминан 40-50 калория сақлайди, шу сабабли у вазнини назорат қилаётганлар учун айни муддао бўлади.

Соғлиққа зарар етказмаслик учун қанча мандарин ейиш керак?

Барча фойдали хусусиятларига қарамай, мандаринлар ҳам, бошқа ҳар қандай маҳсулот сингари, меъёрида истеъмол қилиниши лозим. Шифокорлар ва диетологлар салбий оқибатлардан сақланиш учун кунига 2-4 тадан ортиқ мандарин истеъмол қилмасликни тавсия этади.

Мандарин истеъмолини чеклаш нима учун муҳим?

Мева кислотаси. Мандаринлар таркибида кўп миқдорда кислота мавжуд бўлиб, улар меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда ошқозон шиллиқ қаватини шикастлаши, жиғилдон қайнаши ёки ноқулайлик ҳиссини келтириб чиқариши мумкин.