Тўлақонли ғалаба деганда Нетаняҳу ҲАМАС ҳаракати йўқ қилиниши ва гаровдаги исроилликлар қайтарилишини назарда тутган, унинг сўзларига кўра, бу операция яна бир неча ой давом этиши мумкин.

ҲАМАС томонидан бошқариладиган соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ғазо секторида аллақачон 25 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ва аҳолининг деярли 85 фоизи ўз уйини тарк этган. Шу сабабли, дунёнинг кўплаб етакчилари Исроилни ҳужумларини камайтириш ва урушни тугатиш, минтақани барқарорлаштириш учун музокараларни бошлашга ундашга ҳаракат қилмоқда.

АҚШ ва Исроилнинг бошқа иттифоқчилари, шунингдек, унинг кўплаб мухолифлари келажакдаги Фаластин давлати Исроил давлати билан бирга яшаши мумкин бўлган «икки давлат концепцияси»ни қайта тиклашга чақирмоқда.

18 январ куни Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббоснинг матбуот котиби 1967 йил чегаралари ичида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати бўлмаса, минтақада хавфсизлик ва барқарорликка эришилмаслигини айтди.

Кўпгина жаҳон етакчилари ҳозирги инқироз урушаётган томонларни чексиз зўравонликларга ягона муқобил вариант сифатида дипломатияга қайтишга мажбур этишига умид қилмоқда. Аммо Нетаняҳунинг сўнгги сўзларига қараганда, у бутунлай қарама-қарши ниятларга эга.

Исроил бош вазирининг сўнгги баёнотларини шарҳлар экан, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби АҚШ ва Исроилнинг вазиятга нисбатан қарашлари мутлақо бошқача эканини тан олди.

«Биз буни бошқача кўрамиз. Биз фаластинликлар мустақил давлатда, тинчлик ва хавфсизликда яшашга тўлиқ ҳақли, деб ҳисоблаймиз», деди Кирби.

18 январ куни Нетаняҳу Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида, яъни келажакдаги Фаластин давлати ҳудуди бўйлаб хавфсизликни назорат қилиши кераклигини айтди.

«Бу зарур шарт ва у (Фаластин) суверенитети ғоясига зид келади. Нима қилиш керак? Мен бу ҳақиқатни америкалик дўстларимизга айтаман. Бош вазир дўстларга «йўқ» дейишга қодир бўлиши керак. Шунингдек, мен Исроил хавфсизлигига зиён етказиши мумкин бўлган ҳақиқатни зиммамизга юклашга бўлган уринишларни тўхтатдим», деди Нетаняҳу.

Нетаняҳу ўз сиёсий фаолиятининг кўп қисмида Фаластин давлати ғоясига фаол қарши чиққан. Аввалроқ, Исроил бош вазири унинг яратилишига тўсқинлик қилганидан қанчалик ғурурланишини таъкидлади.

Шунинг учун унинг сўнгги баёнотлари ҳайрон қолдирмайди, аммо Нетаняҳу билан Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчилари ўртасидаги тафовут кенгайиб бораётганидан далолат беради.