2023 йил июл ойида Фарғона вилоятидаги тадбиркорлар орасида инновацион бизнес ғояларини (стартап) амалга ошириш истагида бўлган тадбиркорлар ўртасида танлов эълон қилинган. Лойиҳа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Маълум бўлишича, танловга Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан жами 128 та ариза келиб тушган. Экспертлар улар ичидан техник, молиявий ва ташкилий жиҳатдан энг юқори балл тўплаган ва молиялаштириш ҳажми танлов шартига мувофиқ 20 000 АҚШ долларидан ошмаган 65 та энг яхши ғоя ва стартапларни танлаган.
Танлов мезонларида кўрсатилишича, дастурнинг тахминий якунланиш жараёни 2023 йил июн ойида, субгрант ҳақида битим имзолаш июн ойида, лойиҳани жадаллаштириш дастури эса 2023 йил июл ойининг боши ва декабр ойининг охиригача тугатилиши белгиланган.

Дастур ғолибларининг Kun.uz'га қилган мурожаатида айтилишича, ғолибларнинг стартаплари 2024 йилнинг январ ойига ўтилганига қарамасдан ҳали молиялаштириб берилмаган.
Ғолиблардан бир Саидазим Жўрахоновнинг айтишича, Инновацион ривожланиш агентлиги ходимлари август ойида ютганлардан хусусий фирма очишни ва стартап учун маблағлар шу фирмага тушириб берилишини маълум қилган. Мурожаат қилаётган томон айтилган вақтда фирма очиб, солиқни тўлашни бошлаган.
“Тelegram гуруҳида биздан фирма очишни сўраганларидан кейин фирма очдик. Кимдир 2 ой, кимдир 6 ой олдин фирма очган. Ва солиқларни ҳам тўлаяпти. Мен танловнинг 2 йўналишида ғолиб бўлганман. Фирмаларим учун солиқ тўлаяпман. Лекин ҳали уларни ишга тушириб, фойда олганим йўқ. Солиқдан фойдага кирмаган фирмам учун тўлов қилишим кераклиги ҳақида хат келяпти”, – дейди Саидазим Жўрахонов.
Танловнинг яна бир ғолиби Севара Абдужабборова ҳам худди шу муаммога дуч келаётгани айтди.
“Менинг лойиҳам болаларни соғломлаштириш маркази очиш бўйича эди. Вазирликка ва масъул ташкилотларга қилган мурожаатларимиздан кейин, эрта-индин ҳал бўлади деб ортга суриб келишяпти. Айрим ҳолларда ёзма мурожаатларимиз жавобсиз ҳам қолди”















