Ўзбекистон аҳолиси сўнгги 30 йилда 15 млн кишига кўпайган. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб республикада истиқомат қилувчилар сони 40 млн кишига етади. Ушбу ҳолат ортаётган аҳоли учун янги иш ўринлари, сифатли таълим ва тиббиёт муассасалари қуриш каби бир қанча муҳим стратегик вазифаларни ишлаб чиқиб, амалга оширишни назарда тутади. Ўзбекистон ҳукумати яқин келажакдаги бу жараёнга қандай тайёргарлик кўряпти ва қандай ишларни қилиши керак? Мавзу юзасидан саволларга Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ходими Муҳаббат Ахмедова ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 2024 йилда 3209 АҚШ доллари бўлиши кутиляпти. Шунда мамлакатдаги бир кишининг ҳиссасига тўғри келаётган ойлик ўртача сумма 267,4 долларни ташкил этади. Иқтисодий кўрсаткичдаги айни шу сумма демографиянинг асосини ташкил этувчи туғилишни соғлом тарзда яратишга асос бўла оладими?
— Ҳар йили мамлакатимизда ойлик маошлар ўртача 10 фоизга ошади. Бунинг натижасида аҳоли даромадлари ҳам кўпаяди. Фуқароларнинг молиявий ҳолати биринчи ўринда меҳнат тушумлари, иккинчи ўринда хорижда ишлайдиган шахсларнинг юборадиган пул ўтказмалари, шунингдек, кўчмас мулкдан келадиган маблағлар ҳисобига юқорилаши мумкин. Демографик кўрсаткичларимиз 2016-2018 йилдан эътиборан кескин кўтарилди, 2016 йилда ҳар бир аёлга мамлакат ҳисобида 2,1 нафар фарзанд тўғри келган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 3,1 нафарга етди. Туғилиш ўсяпти, ўлим коэффициенти камайяпти. Мазкур жараён натижасида ҳар йили давлат аҳолиси 730-750 мингга кўпайяпти. Мамлакатда одамлар сонининг тез ўсиши ҳукуматдан келгуси йиллар учун стратегик тайёргарлик ишларини кўриш, янги туғилаётган аҳолидан демографик дивиденд олиш учун уларга тўғри сармоя киритишни талаб этяпти. Юқорида таъкидланган сумма демографиянинг асосини ташкил этувчи туғилишни соғлом тарзда яратишга асос бўла оладими-йўқми, деган саволга аниқ жавоб бера олмайман. Бу аҳолининг ҳолати, шахсий талаб ҳамда харажатларига боғлиқ.
— Сенатда 2023 йил 9 ноябрда бўлиб ўтган “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги семинарда “Ўзбекистон учун ички хавфлар, асосан, аҳолининг сезиларли даражада юқори ўсиш суръатларидан келиб чиқади”, деган фикрлар ҳам билдирилган эди. Бутун дунёда демографиянинг ўсиши энг қиммат капитал сифатида баҳоланаётган бир вақтда бизнинг сиёсатчилар орасида бу жараён “ички хавф” дея изоҳланаётгани қай даражада мантиққа тўғри келади?
— Аминманки, бу ҳукуматнинг қараши эмас, бирор сенаторнинг шахсий фикри бўлиши мумкин. Туғилиш бўйича бизда ҳеч қандай тўсиқлар қўйилмаган ва бундай қилиниши тўғри ҳам эмас. Биргина Хитойни мисол келтирсак: ушбу давлатда неча йиллардан буён 2 болалилик сиёсат олиб борилган, яъни бир оилада икки нафардан кўп фарзанд бўлиши мумкин эмас эди. Натижада ҳозир Хитойда туғилиш камайиб кетган, аёллар фарзанд дунёга келтиришни истамай қўйган. Ёки Европа давлатларига қарайлик, у ерда ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмас. Ҳукумат туғишни чекламаган, бироқ шунга қарамасдан Европа мамлакатларида ҳам қариш тенденцияси кузатиляпти. У ерда ҳукуматлар меҳнат бозорида ишчи кучи етмаётганидан қўрқувда. Япония, Кореяда қариялар сони кескин ошган. Россияда ҳам айни шу ҳолат рўй беряпти, бу давлатда “она капитали” деган ижтимоий пакетлар бўлишига қарамасдан, ҳукумат туғилиш кўрсаткичларини ўстира олмаяпти. Дунёда бўлаётган демографик инқирозлардан хулоса чиқарган ҳолда биз туғилишни қисқартиришимиз эмас, инсон капиталига тўғри сармоя киритиш орқали демографик дивиденддан фойда олиш йўлларини пухта ишлаб чиқишимиз керак.










