«Шарқ» нашриёт-матбаа корхонасининг Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган бинолари Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Қонунчилик маълумотлари миллий базаси — «Lex.uz»даги Миллий рўйхатга киритилган ўзгартишларга таяниб, Gazeta.uz хабар берди.
Ўзбекистонда моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан шакллантирилган. Қарорнинг иловасининг аввалги таҳририда Тошкент шаҳридаги моддий маданий мерос объектлари рўйхатида 87-рақам остида 1927 йилда қурилган «Илгариги «Правда Востока» газетаси босмахонаси биноси», 88-рақам остида эса ХХ аср давомида шаклланган «Шарқ» нашриёти матбаа корхонаси бинолари» кўрсатиб ўтилган эди.
Қарор иловасига Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли янги қарори асосида ўзгартириш киритилган. Янгиланган қарор иловасида Тошкент шаҳридаги моддий-маданий мерос объектлари рўйхатида 87 ва 88-объектлар йўқ, рўйхатда 86-объектдан кейин 89-объект келади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги 28-сонли қарори очиқ эълон қилинмаган, «Lex.uz» базасида ҳам унга жонли ҳавола берилмаган.

Амалга ошмай қолган хусусийлаштириш
Ўтган йилнинг сентябр ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ЎзА ва «Шарқ» нашриётига тегишли Тошкентдаги бинолар (умумий ер майдони 3,02 гектар, бино майдони 56,5 минг кв.м.) яхлит комплекс сифатида хусусийлаштиш учун оммавий аукционга қўйилгани маълум қилинганди. Шундан сўнг, Маданий мерос агентлиги ҳар иккала бино Ўзбекистон моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилганини эслатиб, уларни аукциондан олиб ташлаш бўйича огоҳлантириш берганди















