“Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

2024 йил 1 февралдан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади. 

Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:

  • ААА, АА ва А тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
  • ВВВ, ВВ ва В тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
  • ССС, СС ва С тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;
  • D тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.

Рейтинг Солиқ қўмитасининг “Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига тавсия этилади.