Белгород вилоятида ҳалокатга учраган Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти Украина чегараси томон эмас, балки у томондан учаётган бўлган. Бу ҳақда 24 январ, чоршанба куни «Медиазона» ва «Важные истории» нашрлари, шунингдек, Украинанинг «Скринька Пандори» («Пандора қутиси») OSINT-таҳлилчиси хабар берди. Журналистлар самолёт ҳалокати акс этган кадрларни таҳлил қилиб, видео Яблоново қишлоғи марказидан шимолга қараб олинган, деган хулосага келди.
«Скринька Пандори»га кўра, Ил-76 борт рақами RA-78830 бўлган ҳамда ҳалокатдан олдин Миср, Саудия Арабистони, Қизил денгиз ва Эрон орқали парвоз қилган. Сурия яқинида у радарлардан ғойиб бўлди, шундан сўнг Белгородда яна пайдо бўлди, деб ёзади Telegram-канал. «Ҳаммаси унинг шарқдан қурол олиб келганидан далолат беради. Ҳозирча унда асирлар бўлган бўлиши мумкинлигидан дарак йўқ», - дейди украиналик таҳлилчи.
Ўз навбатида, «Верстка» нашри Flightradar маълумотларига таяниб, RA-78830 рақамли Ил-76 охирги марта Кипр яқинида Москва вақти билан соат 10:10 да сигнал юборганини, ҳалокат эса Москва вақти билан соат 11:15 да содир бўлганини аниқлади. «Самолёт Кипрдан Белгород вилоятигача бўлган масофани бир соатдан кўпроқ вақт ичида босиб ўтишга улгурмаган бўларди. Бундан ташқари, афтидан, RA-78830 Сурияга қўнишга тайёрланаётган эди - сигнал узатишнинг сўнгги 15 дақиқасида у баландлигини 32 минг футдан 20,3 минггача туширди», - дейди «Верстка».
Бош штаб: Украинани ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда
Айни вақтда, Украина қуролли кучлари бош штаби Ил-76 ҳалокатидан кейинги баёнотни эълон қилди. «Украина армияси террор таҳдидини, шу жумладан Белгород-Харкив йўналишида ҳаво ҳудудини назорат қилиш учун етказиб берилаётган воситаларни йўқ қилишни давом эттиради», дейилади Украина бош штабининг Facebook саҳифасида.
Баёнотда, шунингдек, Украина қуролли кучлари мамлакатни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўраётгани, РФ эса жанг майдонида ҳеч қандай натижага эриша олмаган бир пайтда ўз стратегиясини давом эттираётгани таъкидланади. Сўнгги бир ҳафта ичида Россия қуролли кучлари Харкив вилоятига 19 та ракета ҳужумини амалга оширди, шу билан бирга, «ҳужумларнинг интенсивлиги яқинда Белгород аэродромига юборилган ҳарбий-транспорт самолётлари сонининг кўпайиши билан бевосита боғлиқ», деб таъкидланади маълумотда. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари бош штабининг баёнотида Ил-76 самолётининг қулаши ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.


















