Лойиҳага кўра, 2024 йил декабрга қадар қонуности ҳужжатлари билан жорий этилган мажбурий тўловлар ва йиғимлар рўйхатини шакллантириш ва уларни ягона қонун ҳужжати даражасида белгилаш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 июлдан бошлаб, нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга:
- халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш харажатлари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузуридаги Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади;
- нуфузли брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун, мамлакатда қўшилган қиймат улушини камида 60 фоизга етказиш шарти билан, зарур бўлган барча хомашёлар божхона божидан озод этилади;
- йирик брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистонда ишлаганлик учун тўловлар ундирилиши бекор қилинади.
1 майдан эътиборан, тадбиркорлик субъектлари учун айланма маблағларини шакллантиришда қўшимча қулайликлар ва молиявий енгилликлар яратиш мақсадида экспорт амалиёти бўйича аккредитивни гаровга олиш орқали қўшимча кредит ва лизинг бериш тартибини йўлга қўйиш режа қилинган.











