Савдо бу – бир товардан иккинчисини ҳосил қилиш технологиясидир. Ўзбекистонликлар ўзлари самарали бўлган соҳа, масалан помидор ишлаб чиқариш орқали уни чет элда сотяпти ва тушган валюта эвазига масалан хорижда ишлаб чиқарилган телевизор сотиб оляпти. Яъни халқаро савдо орқали помидор телевизорга айлантириляпти, дея тушунтиради иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

Ўзбекистонга автомобил йўллари орқали кириб келаётган фуқаролар божхона тўловлари тўламасдан олиб кириши мумкин бўлган товарларнинг максимал қиймати 300 доллардан 100 долларгача камайтирилиши мумкин.

Kun.uz мухбири айни пайтда кўриб чиқилаётган бу ўзгаришнинг иқтисодий таъсири қандай бўлиши борасида иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов билан суҳбатлашди.

“Савдо йўлларидан узоқда жойлашганимиз етмагандек, ўзимиз савдога сунъий тўсиқларни ҳам ўйлаб топганмиз”

— Савдога тўсиқлар ва савдо сиёсатидаги масалалар – мени доим ташвишга солиб келадиган масалалардан бири. Бунинг сабаби, Ўзбекистон дунёда уникал давлатлардан бири: кўп логистик нуқталардан узоқда жойлашган, яъни географик жойлашув жиҳатдан биз артаркик мамлакатмиз. Иккинчидан, шу географик жиҳатдан савдо йўлларидан узоқда жойлашганимизга қарамай, унинг устига ўзимиз савдога сунъий чеклов ва тўсиқларни ўйлаб топганмиз. Бу – божхона божлари, нотариф тўсиқлар, ҳужжатлар билан боғлиқ чекловлар.

Шу сабабларга кўра Ўзбекистонда кўп нарсалар қўшни мамлакатлар ва бошқа давлатлардан қимматроқ, бу – кийим-кечак бўладими, электроника, уй жиҳозлари, қурилиш материаллари бўладими, рўйхатни узоқ давом эттирсак бўлади. Шу сабабли ўзбекистонликлар четга чиқса, чет элдан товарларни ўзлари билан олиб келишади. Ёки бирор бошқа мақсад билан хорижга чиққанда ҳам, ўзлари билан нарса олиб келишади. Ўзбекистоннинг Қозоғистон ёки Қирғизистон билан чегарадош шаҳарларига борсангиз, чегаранинг ёнида бир қанча чакана ва улгуржи бозорлар бор. Уларнинг асосий мақсади – ўзбекистонликларга товарларни сотиш, чунки чегарадан ўтишингиз билан нарх тушади. Ўзбекистонда божлар баланд ва уларни расман олиб кирсангиз, қимматга тушади.

Олдинлари, 2011 йилларда Дубайдан Ўзбекистонга келардим, ҳар бир рейсда юк туширадиган жойда ҳар иккинчи йўловчида телевизор бўларди. Чунки Ўзбекистонда телевизор ниҳоятда қиммат эди. Мен телевизорсиз келсам, турган одамлар “сизда телевизор йўқ экан, меникини ўзингизнинг номингизга олиб ўта оласизми?” деб сўрашарди.