Ўзбекистон | 18:38 / 07.02.2024
8487
2 дақиқада ўқилади

Орган ходимларининг тасвирларини тарқатиш масаласи ялпи мажлисда кўрилиши мумкин — Сенат

Сенат ихтиёридаги 60 кунлик муддат деярли тугади. Юқори палата ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирда ялпи мажлисга тайёргарлик кетяпти ва унинг кун тартибига бу қонун ҳам киритилиши эҳтимоли катта.

Фото: Kun.uz

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фото ва видеоларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун жазо белгилашни кўзда тутувчи қонун Сенатнинг тегишли қўмиталарида кўриб чиқилаётган эди.

Kun.uz қонуннинг тақдирига қизиқиб, юқори палата ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов билан боғланди. Унинг айтишича, қонун ҳали ҳам Сенатда, навбатдаги ялпи мажлисда кўриб чиқилиши мумкин.

Ҳозир ялпи мажлисга тайёргарлик кетяпти, тез орада кўриб чиқилади. Ялпи мажлисдан олдин Сенат кенгашининг мажлиси бўлади ва шунда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисини чақириш ҳақида қарор қабул қилинади.

Бу масала кенгаш мажлиси бўлиб ўтмасидан аввал аниқ кўрилади деб айта олмайман. Кенгаш мажлиси ўтказилган куни ҳаммаси маълум бўлади. [Қонуннинг] кўрилмаслигидан, кўрилишининг эҳтимоли жуда катта”, – дея маълум қилди таҳририят мухбирига.

Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳаси 2023 йил 28 ноябрда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган.

Қуйи палата қарорига кўра, қонун Сенатга келиб тушган кундан эътиборан 60 кун ичида юқори палатанинг қарори қабул қилинмаган тақдирда, президентга юборилиши кўзда тутилган. Қонун ўтган йили 5 декабр санасида Қонунчилик палатасидан Сенатга юборилган.

Аммо Сенатга қайси санада келиб тушгани маълум эмас. Орадан ўтган вақт давомида қонун Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида муҳокама қилинганига қарамай (илк марта бу ҳақда 11 январда хабар берилди), ялпи мажлисларда кўриб чиқилмади. Парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси санаси ҳозирча маълум эмас.

Мавзуга оид