Ўзбекистон | 16:51 / 07.02.2024
8152
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросининг 2 та янги бекати қачон очилади? — масъуллар аниқ жавоб бермаяпти

Қурувчилар даҳасидан Сергели мавзесигача қурилган “Турон” ва “Қипчоқ” метро бекатлари салкам 2 ойдан бери синов жараёнида. Метро қурилишига масъул “Ўзбекистон темирйўллари” тегишли ишлар якунланганини, бекатлар очилиши Транспорт вазирлиги зиммасида қолганини айтди.

2023 йилнинг 15 декабр санасида Тошкент метросининг 2 та йўлини боғлаш мақсадида Қурувчилар даҳасидан Сергели мавзесигача қурилган “Турон” ҳамда “Қипчоқ” бекатлари поезд ҳаракати синов тариқасида йўловчиларсиз ишга туширилганди.

Синовнинг якуний муддати ва янги бекатларнинг йўловчилар учун қачондан хизмат кўрсатиши ҳақидаги маълумотлар тажриба натижалари асосида маълум қилиниши айтилганди. Аммо салкам 2 ой ўтяптики, бу борада ҳеч қандай хабар берилгани йўқ. Kun.uz бу метро бекатларининг қачон ишга туширилиши борасидаги савол билан 3 та ташкилотга боғланди.

“Тошкент метрополитени” матбуот хизматига кўра, бу бўйича тўлиқ маълумот метро қурилишига бевосита масъул “Ўзбекистон темирйўллари” АЖда бўлади. “Метро асосан эксплуатацияга жавоб беради, улар топширгандан кейин биз ишлатамиз”, – деди ДУК матбуот котиби Тўйчи Мирзаев.

“Ўзбекистон темирйўллари” матбуот котиби Алишер Болтабоевнинг айтишича, айни шу метро бекатларидаги барча қурилиш ишлари якунланган. “[Уларни] Транспорт вазирлиги очиб бериши керак экан, кутиб ўтирибмиз”, – деди Болтабоев.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов эса “Турон” ва “Қипчоқ” метро бекатлари фойдаланишга топширилишидан аввал расмий хабар эълон қилинишини айтди. Ҳозирда синов жараёни қайси босқичда экани, дастлабки хулосалар ва бекатлар қачон аҳолига топширилиши ҳақида маълумот очиқланмади.

Эслатиб ўтамиз, Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ерусти ҳалқа йўли жами 7 та метро бекатини ўз ичига олган. Унинг қурилиши 2020 йилнинг декабр ойидан бошланган. 2023 йил апрел ойида бекатларнинг 5 таси аҳолига фойдаланишга топширилганди.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид