Энергетика вазирлиги Тошкент шаҳар ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот билан чиқди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ҳамда пойтахт ҳудудида “Иссиқлик электр станциялари” АЖга қарашли 11 та иссиқлик электр станцияси ва иссиқлик марказлари мавжуд. Уларнинг 6 тасида (Тошкент вилоятида жойлашган “Тошкент ИЭС”, Тошкент шаҳрида жойлашган 3–5-, 9–10-иссиқлик марказлари) чиндан ҳам куннинг тиғиз вақтларида, табиий газ таъминотида босим пасайган пайтда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланилади.
“Мазут ёқилғисининг ишлатилиши жараёни қонунчиликда белгиланган тарзда барча масъул идоралар, хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳам келишилган тартибда йўлга қўйилган.
Станцияда мазут ёқилиши натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқишини камайтириш мақсадида белгиланган техник параметрларга мос келувчи филтрлар ўрнатилган. Келгусида барча иссиқлик электр станцияларига ёқилғидан чиқаётган зарарли моддаларни 95 фоизгача камайтириб берадиган қўшимча филтрларни ўрнатиш кўзда тутилган”, дейилади вазирлик баёнотида.
Энергетика вазирлиги 2 февралда Экология вазирлиги эълон қилган баёнотга муносабат билдирган. Экология вазирлиги мазут ёқиб ҳавони ифлослантиргани учун Тошкент ИЭСга нисбатан 1 млрд сўм компенсация ҳисоблаганди.
“Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатда станцияда мазут ёқилиши технологияси ҳамда ундан чиқадиган зарарли моддалар ҳисоб-китоблари келтирилган. Ушбу ҳужжат талабларига кўра, корхонада ҳавога ташланаётган моддалар белгиланган меъёр талабларидан ҳеч қачон ошмаган.
Хусусан, “Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётгани аниқланди” сарлавҳали мақола эълон қилинган 2 феврал куни юқоридаги корхоналарда захира ёқилғисининг максимал сарфи суткасига 5 минг 17 тоннани ташкил этган. Ўша куни атмосфера ҳавосидаги РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 35,1мкг/м3ни ташкил қилган. Бу эса ЖССТ тавсияларидан 7 баробар юқори эди.
Бугун соат 16:00га қадар юқорида қайд этилган корхоналар томонидан 600 тонна мазут ёқилган. Аммо шунга қарамай бугун соат 14:10 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосидаги РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 162 мкг/м3ни ташкил этган. Бу “ўта зарарли” ҳисобланади ва ЖССТ тавсияларидан 32,4 марта кўпроқ.
















