Ўзбекистон | 12:25 / 14.02.2024
5992
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда 42 туп қайрағочни кесган шахсга жиноят иши очилди

Пахтакор туманида фермер хўжалик ходими 42 туп дарахтни ноқонуний кесиб, ўсимлик дунёсига 224 млн сўм зарар етказган.

Фото: Жиззах вилояти Экология бошқармаси

Пахтакор туманида 42 туп қайрағоч ноқонуний кесиб кетилгани аниқланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти Экология бошқармаси хабар бермоқда

Маълум қилинишича, 11 январ куни Пахтакор туман экология инспекцияси томонидан Пахтакор тумани “Бахмал” ҳудудида жойлашган “Yuvest tog‘” фермер хўжалигининг дала майдони четига ихота мақсадида экилган 42 туп ўсишдан тўхтамаган қайрағоч дарахтлари кесиб кетилганлиги аниқланган. Бунинг оқибатида ўсимлик дунёсига 224 миллион 400 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Ўрганиш давомида дарахтлар “Yuvest tog‘” фермер хўжалиги иш юритувчиси, 1988 йилда туғилган Ж.Ж. томонидан ноқонуний кесиб олинганлиги маълум бўлган. 

Пахтакор тумани прокуратурасининг қарорига кўра, фуқаро Ж.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. 

Олдинроқ Хоразмда 81 туп дарахтни кесган фермерга жиноят иши очилганди.

Мавзуга оид