Мактаб таълимида инспектор-психологлар штати Миллий гвардияга ўтказилгач ММТВ ва Миллий гвардия вакиллари АОКАда матбуот анжумани ўтказди. Анжумандан сўнг вазирлик бошқарма бошлиғи Азамат Камолов Kun.uz мухбирининг бир қанча саволларига жавоб берди.
– Ҳуқуқ-тартибот органлари мактаб ёки боғча таълимига аралашганини биламиз, аксарият ҳолларда тескари эффект берган ҳолатлари ҳам бор. Масалан, ўтган йили боғчада “оқни оқдан, қорани қорадан ажратиб олиш керак”лиги ҳақида болаларга “тарбиявий соат” ўтган ходимларни биламиз.
Яъни шунинг учун ҳам одамларда бу жараёнга нисбатан ишонч йўқ. Шу ўринда сўрамоқчиман, Миллий гвардиянинг мактаб таълимидаги ваколати қаердан бошланиб, қаерда тугайди?
– Давомат масаласи инспектор-психологлар тузилмаси Миллий гвардияга ўтгач, 10 мингдан ортиқ мактабларга ходимлар чиққан. Уларнинг ҳаммаси ҳам малакали ходимлар бўлган деб кафолат бериб бўлмайди, чунки ижтимоий тармоқларда бунинг аксини кўриб турибмиз. Яъни ўзи малакага эга бўлмаган, қуйи тизимдан чиққан, дейлик, оддий қўриқлаш хизмати ходими ҳам мактабга бориб, ўзини худди мактаб назоратчисидай тутиб, ўқитувчи фаолиятига аралашиб, қўпол муомалада бўлганлари ҳам бор, ижтимоий тармоқларда кўрдик.
Шу сабабли энди миллий гвардия тизимида алоҳида тартиб ишлаб чиқиляпти, энди мактабга кирадиган Миллий гвардия ходимининг қайси бирида ваколат бўлади, фақат инспектор-психологлар мактабга киришга ҳақли бўлади. Қолган жалб қилинган ходимлар бундан буён мактабга кирмайди ва ягона тартиб сифатида улар томонидан меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилиб, мактаб раҳбарияти давомат кўрсатиш учун қўлига беради, у бориб ота-она билан ишлайди. Уларнинг чегараси шу ерда. Миллий гвардия ходимлари дарс жараёнига киришга ёки ўқитувчининг нега кеч келаётгани, формада келмаётгани бўйича сўроқ қилолмайди.
Ўзим гувоҳ бўлган вазият ҳам бўлди, оддий қўриқлаш хизмати ходими мактаб болаларини дарс жараёнида турғизиб қўйиб форма талаб қилаётган экан, бу унинг ваколати эмаслигини айтдим. Мана шундай нотўғри ёндашувларнинг олдини олиш учун ягона тартиб ишлаб чиқиляпти.
– Нима сабаб олдиндан бундай ҳолатлар учраши ва тартиб ишлаб чиқилиши олдиндан инобатга олинмади? Энди тартиб ишлаб чиқилгунга қадар Миллий гвардия вакиллари томонидан куч ишлатиш ҳолатлари учраса, қандай чора кўрилади?
– Айтганимдек, мактабларнинг ўзида аслида давомат қандай, сурункали дарс қолдирувчи ўқувчилар билан ишлашимиз учун қўлимизда ҳақиқий картинка бўлиши керак. Жараённи бошлаб олгунча, ҳолатни ўрганиш учун икки идора келишган ҳолда шундай ишларни бошладик. Яъни ўша Миллий гвардия ходимининг ёнида ўзимизнинг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимларимиз ҳам юрибди. Вазирлик марказий аппарати, тўлиқ бошқарма таркибий тузилмаларимиз ҳар куни эрталаб мактаблардаги дарс жараёнини кўриб, кейин 9 да иш жойимизга боряпмиз.














