Матнга қараб ростакам видео ясаб берадиган Sora

ChatGPT ва Dall-e каби нейротармоқларни яратган OpenAIʼнинг янги сунъий интеллекти билан энди бемалол кино ҳам ишласа бўлади.

Маълум қилинишича, Sora деб номланган нейротармоқ модели оддий матнни юқори сифатли роликларга айлантириб бера олади. Ҳозирча у билан бир дақиқагача бўлган видео генерация қилиш мумкин.

Sora объектларнинг физик хоссалари ва бир-бирига ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олади, шу сабабли табиий анимацияли ростакам видеолар ярата олади. Бундан ташқари, мавжуд видеодаги бўш кадрларни тўлдириб, унинг давомийлигини ҳам узайтириб беради.

Айни пайтда нейротармоқ синов босқичида ва ҳозирча омма эътиборига ҳавола этилмаган. Бироқ уни аллақачон рассомлар, дизайнерлар ва режиссёрлар синовдан ўтказмоқда. 

Дубайда учар такси хизмати

Американинг ихчам самолётлар ишлаб чиқарувчи Joby Aviation компанияси Дубайда ҳаво таксисини ишга тушириш бўйича шартнома тузди. Ушбу хизмат 2026 йилгача ишга туширилиши режалаштирилган.

Фото: Joby Aviation

Қайд этилишича, биринчи босқичда 4 та вертипорт очилади: шаҳар аэропорти, Палм-Жумейра, Дубай Марина ва шаҳар марказида. Учар такси хизмати ишга туширилгач, Палм-Жумейрадан аэропортгача бўлган йўл вақти 45 дақиқадан 10 дақиқагача қисқариши мумкин.

iPhone 16 бешта версияда чиқиши мумкин

Majin Bu тахаллуси остида яширинган таниқли Apple инсайдери янги авлод iPhone смартфонлари ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, компания бир вақтнинг ўзида iPhone 16 линиясининг бешта моделини тайёрламоқда.