21 феврал куни Тошкент яна бир бор дунёда энг ифлос шаҳарлар рўйхатидан, бу сафар бинафша ранг (ҳаво ифлосланишинг максимал даражаси) билан 1 ўринга чиқди. Kun.uz мухбири бу борадаги саволлар билан Экология вазирлигининг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш сиёсати бўлими бошлиғи Баҳром Холхўжаевга юзланди.

“Қиш мавсумида газ босимининг пасайиб кетгани сабаб бошқа ёқилғи турлари, жумладан, мазут ва кўмирга ўтиш орқали кескин [ҳаво] ифлосланишига олиб келяпти. Ижтимоий тармоқларда ҳам кўришимиз мумкин, Тошкент ИЭСда кўмир ва мазутдан фойдаланишни экологияни бузадиган ҳолат десак бўлади. Куни кеча Сергели туманидаги иссиқлик станцияларида мазутдан фойдаланиши ортидан қора тутунли ҳолатни кўрдик. Булар асосий манбалар бўлса, бошқа яна бир қанча сабаблар ҳам бор: яшиллик даражаси, иссиқлик тизими, автотранспорт воситаларининг максимал даражада кўпайиб кетаётганини, қорлардан кейин ҳам йўлларни тозалашда қум сепилишини ҳам айтиш мумкин. Чунки қуёш чиқиб, қор кетгач, қуруқ қум ҳосил бўлади – бу ҳам кўтарилиб, атроф-муҳитни зарарлаши мумкин.

Бу каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича ҳар қайси ваколатли орган томонидан бир қанча ишлар амалга оширилиши керак. Амалга ошириб келинмоқда ҳам. Жумладан, Экология вазирлиги томонидан Тошкент ИЭС фаолияти ўрганилди. ИЭС маълум бир миқдорда [1 млрд сўм] жарима тўловларига тортилди. Яқинда бу компенсация тўловларининг 300 млн сўм миқдори тўланди.

– 14 феврал куни Энергетика вазирлиги ҳаво ифлосланиши мазутдан эмаслиги ҳақида баёнот берди. Бунга вазирликнинг муносабати қандай?

– Албатта, бу ҳолат ижтимоий тармоқларда эътироз ва мухокамаларга сабаб бўлганди. Жамоатчиликдан ҳеч нарсани яширишнинг иложи йўқ, ҳамма кўриб, билиб турибди. Эътибор берилса, газ ва мазут, кўмирнинг ёқилишида фарқ борлигини билишади. Газ ёқилганда оқ тутунга ўхшаш азот диоксиди чиқса, мазут ва кўмирда ишлаганда қоп-қора ифлослантирувчи тутун чиқади. Бу ифлослантирувчи моддалар айниқса ҳаво тозаловчи ускуна бўлмаганда атмосферада [яққол кўзга] ташланишини кўриш мумкин. Яъни филтрларнинг лозим даражада ишламаётгани ёки умуман ўрнатилмаганини кўришимиз мумкин.

Биз фақат айнан мазут ёки кўмир эмас, балки [ҳаво ифлосланишида] бошқа манбалар борлигини ҳам айтиб ўтдик. Лекин кўряпмизки, куз-қиш мавсумида алтернатив энергия манбаларидан фойдаланиш кескин ҳаво ифлосланиши ҳолатлари юзага келтирмоқда. Энергетика тизимининг лозим даражада газдан фойдаланишга кучи етмаганда ёки газ босими пасайганда кўмир ва мазутдан фойдаланилмоқда, бу албатта атмосфера ҳавосининг ифлосланишига салбий таъсир кўрсатяпти.