Тошкентдаги Амити Университети талабаси Барселонада ўтадиган 2024 Бутунжаҳон Мобил Конгрессида иштирок этади. Seeds for the Future 2023 таълим лойиҳаси қатнашчиси бўлган Умид Абдуҳакимов Huawei компанияси томонидан дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган талабалар учун конгресс кунларида ташкил этилган MWC Seeds Tour тур иштирокчилари сафига қўшилди.

(Умид Абдуҳакимов MWC 2024’да)

2024 йил 26 феврал куни Барселонада алоқа соҳасидаги энг йирик тадбир – GSMA Ассоциацияси Бутунжаҳон Мобил Конгресси (МWC) бошланди. МWC’нинг биринчи кунида Huawei компанияси томонидан ўтказилган “Talent Summit: Nurturing excellence in a digital world” саммити ITU ва ЮНEСКО каби халқаро ташкилотлар, давлат сектори ҳамда таълим муассасалари вакиллари учун иқтидорларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни муҳокама этиш учун ўзига хос майдонга айланди. Тадбирда шунингдек Seeds Tour таълим тури иштирокчилари – 24 мамлакатдан келган 38 нафар талаба ҳам қатнашди.

Саммит қатнашчилари бу йилги МWC’нинг асосий мавзуларига риоя этган ҳолда, АКТ соҳасида иқтидор эгаларининг рақамли инклюзивлик ва соҳанинг барқарор тараққиётига нақадар ҳисса қўшаётганини муҳокама қилдилар, ёш авлоднинг креатив инновациялари ва етакчилик кўникмалари, аёлларнинг технологиялар соҳасида эришган улкан ютуқлари ва муваффақиятли лойиҳалари, шунингдек Huawei компанияси ва компания ҳамкорлари таълим дастурларини амалга ошириш борасидаги тажрибаси билан танишдилар. Саммитда Huawei компанияси 2024 йилда иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор таълим ташаббусларини ишга туширишини маълум қилди.

“Huawei бутун дунё бўйлаб рақамли технологиялар бўйича иқтидор эгаларини ривожлантириш билан анчадан бери шуғулланади. Мен ҳамкорлар билан биргаликдаги лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга ошаётганидан жуда мамнунман. Умид қиламанки, ўз дастурларимизга янада кўпроқ инсонларни қамраб олишга эришамиз. Бир-биримизни қўллаб-қувватлаш ва алоқаларни мустаҳкамлаш орқали биз яхлит, бутун бир кучга айланамиз ва инклюзив рақамли келажакни шакллантирамиз”, - дея таъкидлади Вики Чжан ўз нутқида.